Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Ал Ain International Cуп” ўртоқлик турнирида бош совринга эга чиқди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа 2 ўйинда 2 та ғалаба қайд этди. Мазкур натижалар эвазига “оқ бўрилар” FIFA рейтинги учун 9,69 балл қўшиб олди.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг умумий очколари 1462,03 га етди ва терма жамоа FIFAнинг онлайн рейтингида 5 поғона кўтарилиб, 50-ўринни эгаллаб турибди.
Каннаваро жамоаси мусобақанинг ярим финал босқичида Мисрдан 2:0 ҳисобида устун келди. Жамоа ушбу ғалаба эвазига ўз ҳисобига 5.70 балл қўшиб олди. Жамоа 18 ноябрь, сешанба куни финалда Эронни пенальтилар сериясида мағлуб этди (Асосий вақтда ҳисоб очилмади — 0:0, пенальтилар сериясида — 4:3). Аммо бу ўртоқлик учрашуви ҳамда асосий вақтда дуранг қайд этилгани ортидан 3,99 балл берилди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси ўз ҳисобига умумий ҳисобда 9,69 балл қўшиб қўйди.
Натижада жамоа Қатарни ортда қолдириб, Осиёнинг энг кучли 5 та жамоаси қаторига қўшилиб олди. Қатар ноябрь ойидаги FIFA кунларида битта ўртоқлик учрашуви ўтказди. Жамоа 17 ноябрь куни Зимбабвега қарши майдонга тушиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва 7,85 балл йўқотди.

Маълумот учун, айни пайтда FIFA рейтингида Испания терма жамоаси етакчилик қилмоқда. Иккинчи поғонадан Аргентина жой олган бўлса, кучли учликни Франция якунлаб берган.








