Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов FIFA нашрига интервью берди. Футболчи суҳбат давомида Жаҳон чемпионатига чиқиш унга улкан фахр бағишлаётгани, бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун тарихий воқеа эканини таъкидлади.
— Бу ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаш жуда қийин. Нафақат футболчилар, балки бутун Ўзбекистон аҳли бу лаҳзани узоқ йиллар давомида орзиқиб кутди. Саралашдан ўтганимиздан кейин мамлакат бўйлаб катта байрам бўлди. Бу халқимиз ва мухлисларимиз учун ниҳоятда муҳим воқеа эди, дейди Шомуродов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиши Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам катта қизиқиш уйғотган.
— Нафақат Ўзбекистондан, балки бутун Марказий Осиёдан футбол мухлислари бизни табриклади. Ҳатто Қозоғистон президенти ҳам давлат раҳбаримизга табрик йўллаганини эшитдим. Агар биз яхши ўйин кўрсатиб, ижобий натижаларга эришсак, Ўзбекистон терма жамоасининг мухлислари бутун дунёда кўпаяди, дейди 30 ёшли футболчи.
Шунингдек, Шомуродов Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон аутсайдер жамоа эмаслигини исботлашни истаётганини айтди.
— Қуръа ташлашдан олдин ҳам кимга қарши ўйнашимиз унчалик муҳим эмаслигини билардим. Бизнинг вазифамиз — гуруҳ босқичидан чиқиш. Плей-офф босқичида қайси жамоа рақиб бўлиши муҳим эмас. Биз биргаликда ҳаракат қилиб, дунёга Ўзбекистон кучли жамоалардан бири эканини кўрсатмоқчимиз. Катта ваъда бермоқчи эмасмиз, аммо бизни аутсайдер деб ҳисоблаётганларнинг фикрини ўзгартиришни хоҳлаймиз, — дейди Ўзбекистон терма жамоаси сардори.
Ҳозирда Шомуродов Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубида ўйнамоқда. Ҳужумчи Суперлигада 17 ўйин ўтказиб, 12 гол ҳамда 3 ассист билан тўпурарлар пойгасида етакчилик қилмоқда. У 10 йилдан бери Европада энг кучли футболчилар билан бирга ўйнаб келгани сабабли, Жаҳон чемпионатида юлдуз рақибларга қарши баҳслардан чўчимайди. Бироқ Шомуродов учун энг муҳими — ёш авлодга йўл очиш.
— Мендан олдин Европада ўйнаган ўзбекистонлик футболчилар сони жуда кам эди. Энди эса буни уддалаш мумкинлигини исботладик. Кўплаб футболчилар Европага йўл олди ва кучли чемпионатларда ўйнамоқда. Бу нафақат терма жамоамизга, балки бутун ўзбек футболига фойда келтиряпти, дейди Элдор.
У мамлакатда футболга бўлган муносабат ҳам тубдан ўзгарганини таъкидлади.
— Ўзбекистонликлар учун футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Болалигимда терма жамоа Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганда мухлислар қанчалик хафа бўлганини яхши эслайман. Бугун эса давлат раҳбари томонидан спортга берилаётган эътибор туфайли инфратузилма ривожланди, ёшлар учун имкониятлар яратилди. Буларнинг барчаси энди самара бера бошлади, дейди Шомуродов.
Шомуродовнинг сўзларига кўра, кўплаб ўзбекистонлик мухлислар Жаҳон чемпионати ўйинларини стадиондан томоша қилиш учун сафарга чиқишни режалаштирмоқда.
— Уларнинг стадионда бўлиши бизга уйда ўйнаётгандек куч бағишлайди. Ортимизда бутун халқ турганини ҳис қилиш бизни янада кучли қилади ва кейинги босқичга чиқишга ёрдам беради, — дейди терма жамоа сардори.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон Португалия, Колумбия ҳамда қитъалараро плей-офф ғолиби (Конго – Ямайка/Янги Каледония) билан “К” гуруҳидан жой олди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа илк турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Бу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади. “Оқ бўрилар” иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия билан ўйнайди. Мазкур беллашув АҚШдаги “NRG” стадионида ўтади. Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги охирги ўйини эса Атлантадаги “Мерседес Бенз” стадионда ўтказилади.








