Исроил ва фаластинлик гуруҳ ҲАМАС ўртасида 10 октябрь куни эришилган оташкесим келишувидан бери яҳудий давлати Ғазода 1500 дан ортиқ бинони бузиб ташлади. Бу ҳақда BBC сунъий йўлдош суратларига таяниб, хабар берди.
Сўнгги суратлар 8 ноябрь куни олинган бўлиб, уларда бутун маҳаллалар бир ой ичида ер билан яксон қилингани кўринади. BBC маълумотларига кўра, бузилган бинолар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки баъзи ҳудудлардан тасвирлар олиб бўлмаган.
Мутахассислар: “Бу сулҳ шартларини бузишдир”
Баъзи экспертлар бу ҳаракатларни АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида тузилган сулҳ шартларига зид деб баҳоламоқда. Аммо Исроил Мудофаа кучлари (IDF) вакили буни инкор этиб, ҳаракатлар сулҳ доирасида амалга оширилаётганини айтган.
Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп ишлаб чиққан 20 бандлик тинчлик режаси — сулҳнинг асоси — барча ҳарбий амалиётлар, жумладан, авиа ва артиллерия зарбалари тўхтатилиши кераклигини қайд этганди. Шунга қарамай, BBC таҳлили Ғазода бинолар вайрон қилиниши катта миқёсда давом этаётганини кўрсатмоқда.
“Сариқ чизиқ” ортидаги вайронагарчилик
Таҳлил Ғазонинг шимолий, жанубий ва шарқий томонидаги “Сариқ чизиқ” деб аталган чегарадан ичкарида олиб борилган. Сулҳга кўра, Исроил қўшинлари айнан шу чизиққача ортга чекиниши керак эди. Аммо сунъий йўлдош тасвирларида бу ҳудудларда ҳам уйлар, боғлар, дарахтзорлар бутунлай бузиб ташлангани кўринади. Шарқий Хон Юнисдаги Абасан ал-Кабира ҳудудида вайрон бўлган кўплаб бинолар илгари шикастланмаган ҳолатда эди.
“Уйларимиздан ҳеч нарса қолмади”
Абасан ал-Кабирада яшаган Лана Халил ҳозирда қўшни ал-Маваси лагерида яшайди. У ўз уйи ҳақида “Бу жой мўл-кўл сабзавот ва боғлар билан тўлиб-тошган жаннат эди”, деб эслайди.
“Исроил армияси ҳеч нарсани қолдирмади — ҳаммасини бузди. Биз вайронагарчилик овозларини чодирларимиздан туриб эшитардик. Юрагимиз эзилди”, деган у.
Худди шундай ҳолат Рафаҳ яқинидаги ал-Баюк ҳудудида ҳам кузатилган — илгари зарар кўрмаган уйлар сулҳдан кейин портлашлар оқибатида вайрон бўлган.
“Бу террор инфратузилмасига қарши кураш”
“Келишувга кўра, Ғазодаги барча террор инфратузилмалари, шу жумладан туннеллар, йўқ қилиниши керак. Исроил террор таҳдидларига жавобан ҳаракат қилмоқда”, дейилади Исроил Мудофаа кучлари баёнотида.
Мудофаа вазири Исроил Катс 18 октябрь куни вазиятга қуйидагича муносабат билдирганди:
“Ғазони қуролсизлантириш ва террор иншоотларини бузиш — Исроил хавфсизлик сиёсатининг муҳим қисми”.
Трамп режасининг 13-бандида барча ҳарбий ва террор инфратузилмалари, жумладан туннеллар, қурол ишлаб чиқариш жойлари бузилиши керак, деб белгилаган. Аммо бу жараён мустақил кузатувчилар назорати остида бўлиши лозимлиги ҳам қайд этилган.
“Сулҳ амалда ишламаяпти”
Британиялик таҳлилчи Др. Ҳ. А. Хеллер:
“Бу, албатта, сулҳнинг бузилишидир. Аммо Вашингтон буни тан олишни истамаяпти — сулҳ сақланмоқда, деган даъвони илгари сурмоқда”, деган.
Айни пайтда, исроиллик собиқ хавфсизлик расмийси Эйтан Шамир IDF сулҳни бузмаганини таъкидлаб, шундай деган:
“ҲАМАС ўз ҳудудида хоҳлаган ишни қилса, Исроил ҳам ўз ҳудудида шундай ҳуқуққа эга”.
Унга кўра, Исроил армияси жанг давом этиш эҳтимоли юқори деб ҳисоблайди ва шу сабабли келажакдаги жангларга тайёргарлик кўрмоқда.








