Фаластинлик ҲАМАС гуруҳи ҳали ҳам АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган ва Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху қўллаб-қувватлаган Ғазо бўйича режани ўрганаётганини билдирди. Бу ҳақда гуруҳ вакилларидан бири 3 октябрь куни маълум қилди.
“Ҳозирча Трампнинг режасига доир маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Биз воситачиларга ҳам ҳали вақт кераклигини айтдик”, деди исмини ошкор қилмаган ҲАМАС расмийси.
Трамп 30 сентябрь куни ҲАМАСга ультиматум қўйиб, таклиф этилган режага жавоб бериш учун 3-4 кунлик муҳлат берганди. Унга кўра, режада қуролли ҳаракатларни тўхтатиш (сулҳ), 72 соат ичида гаровдагиларни озод қилиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроилнинг босқичма-босқич Ғазодан чиқиб кетиши назарда тутилган. Урушдан кейин эса Ғазо ҳудудини вақтинча бошқарувчи маъмурият ташкил қилинади — уни Трампнинг ўзи бошқариши режалаштирилган.
Бу режани бир қанча халқаро кучлар, жумладан араб ва мусулмон давлатлари ҳам олқишлаган. ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Наззал 3 октябрь куни берган баёнотида шундай деган:
“Режада хавотирли жиҳатлар бор. Тез орада бу борадаги расмий позициямизни эълон қиламиз”.
У, шунингдек, воситачилар ҳамда араб ва исломий давлатлар билан мулоқот давом этаётганини, якуний келишувга жиддий ёндашилаётганини таъкидлаган. Манбаларга кўра, ҲАМАС “қуролсизлантириш ва ҳаракат етакчилари Ғазодан чиқариб юборилиши” каби баъзи бандларга ўзгартириш киритишни истамоқда. Шунингдек, улар Исроил кучлари Ғазони тўлиқ тарк этишига ва гуруҳ етакчиларига қарши суиқасдлар уюштирилмаслигига халқаро кафолатлар берилишини талаб қилмоқда.
ҲАМАСда икки хил фикр мавжуд
Манбаларнинг билдиришича, ҲАМАС раҳбарияти ичида бу режага нисбатан 2 хил қараш мавжуд.
“Биринчи томон – шарциз розилик бериш тарафдори. Улар учун энг муҳим нарса – Трамп кафолати остидаги сулҳ. Иккинчи томон эса айрим бандларга қатъий эътироз билдирмоқда: улар қуролсизлантириш ва Ғазодан ҳеч қандай фаластинлик чиқариб юборилишини қабул қилмайди. Бу томон режани фақат муайян шартлар асосида, қаршилик ҳаракатларининг талабларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш тарафдори”, деган манба.
БМТ ишончли деб ҳисоблайдиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари оқибатида ҳозиргача камида 66 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган: уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.








