Россияда она-она қаровисиз, назоратсиз ёки оғир ижтимоий аҳволда қолган 35 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, буни амалга оширишда Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ жонбозлик кўрсатди.
Дастлаб ишчи гуруҳ томонидан Санкт-Петербург, Челябинск ва Москва шаҳарларида назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволда бўлган 16 нафар вояга етмаган бола аниқланиб, Ўзбекистонга қайтарилди.
Шунингдек, Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Нижний Новгород, Хакасия, Москва вилояти, Махачқала ва Новосибирск шаҳарларидан ота-она қаровисиз қолган 19 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашилди.
Вояга етмаган болаларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш, уларни ватанга қайтариш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари Россиянинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
11 октябрда Россиянинг Челябинск вилоятида қаровсиз қолган беш нафар бола Ўзбекистонга олиб келинганди.
Ўзбекистонда 30 июлдан 30 августгача Миграция агентлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги консуллик хизматлари кўмагида “Ватанга қайтариш” инсонпарварлик аксияси ҳам ўтказилиб, хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 1 минг 300 ўзбекистонлик ватанга қайтарилганди.








