Daryo

Россияда 100 нафар ўзбекистонликнинг маоши ундириб берилди

Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхона ва Миграция агентлиги вакиллари Тоболскда бўлиб, 26 нафар фуқаронинг икки ойлик маоши тўланмаётганини аниқлади ва муаммони ҳал этди. Шунингдек, ушбу ташкилотдан аввалроқ ҳақини ололмай кетган яна 80 нафарга яқин ўзбекистонликнинг қарздорликлари ҳам келаси ҳафта ичида тўлаб бериладиган бўлди.

1 дақиқа ўқиш3 321 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари Тюмен вилоятининг Тоболск шаҳрида бўлиб 26 нафар ўзбекистонлик ишчининг иш ҳақи ундириб берилишини таъминлади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Консулхона ва агентлик вакиллари хизмат сафари давомида 100 дан ортиқ фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этган. Мулоқот чоғида дипломатлар консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, паспорт расмийлаштириш ва миграция қонунчилигига риоя қилиш бўйича тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, огоҳ бўлиш ва ҳарбий компаниялар сафига ёлланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида алоҳида уқтирилди.

Мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида “САДКОМ” МЧЖ томонидан 26 нафар ўзбекистонликнинг февраль ва март ойлари учун иш ҳақи асоссиз равишда ушлаб қолингани аниқланди. Мазкур ҳолат ўрганилиб мавжуд қарздорликни бартараф этишга келишилди. 26 нафар ўзбекистонлик ишчининг жами 2 миллион рубль миқдоридаги маоши ҳисобланиб, яқин кунларда уларнинг банк ҳисоб рақамларига ўтказиб берилиши таъминланди. Бундан ташқари, аввалроқ мазкур ташкилотдан иш ҳақини ололмай кетган яна 80 нафарга яқин фуқаронинг қарздорликлари ҳам яқин ҳафта ичида тўлаб берилиши бўйича қатъий келишувга эришилди.

Бош консулхона ва Миграция агентлиги вакиллари фуқароларнинг яшаш ва иш шароитларини кўздан кечириб, иш берувчилар билан келгусида бу каби муаммолар такрорланмаслиги бўйича тушунтириш ишларини олиб борди.

“Дарё” Россиядаги вақтинча сақлаш марказларида юздан ортиқ ўзбекистонлик сақланаётгани ҳақида хабар берган эди. 

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар