“Барселона” ҳимоячиси Роналд Араухо “Реал Мадрид”нинг бразилиялик футболчиси Винисиус Жуниор ҳақида фикр билдирди. Уругвайлик футболчининг айтишича, Винисиусга қарши ўйнаш — исталган ҳимоячи учун қийинчилик туғдиради.
“Винисиус — ажойиб футболчи. У майдонда ҳайратланарли ҳаракатларни амалга оширади. Унга қарши ўйнаётганингда 100 фоиз кучингни беришинг керак. Мен бундай ўйинчиларга қарши баҳсларни ёқтираман. Улар сени юқори даражада ўйнашга мажбур қилади”, деди Араухо “Барселона” матбуот хизматига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги “Эл-Класико” 26 октябрь, якшанба куни Мадриддаги “Сантяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:15 да старт олади.
Маълумот учун, Испания Ла Лигаси 9-туридан кейин “Реал Мадрид” 24 очко билан якка пешқадамлик қилмоқда. “Барселона” эса 22 очко билан иккинчи поғонани банд этган.








