Испания Ла Лигасининг 2025/2026 йилги мавсуми 34-тури доирасида “Эспаньол” ва “Реал Мадрид” жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди. Барселонадаги “Корнеля эл-Прат” стадионида бўлиб ўтган учрашув меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.
Мадридликлар ҳужумчиси Винисиус Жуниор 55-дақиқада ҳисобни очди. 66-дақиқага келиб Винисиус “Эспаньол” дарвозасига иккинчи голни киритди.
Ла Лиганинг 34-туридан сўнг каталонияликлар 39 очко билан 13-ўринни эгаллаб турибди. “Қироллик клуби” эса 77 очко жамғарган ҳолда иккинчи поғонадан жой олган. Турнир жадвалини 88 очко тўплаган “Барселона” бошқариб бормоқда.
35-тур доирасида 10 май куни “Реал Мадрид” “ Камп Ноу” стадионида “Барселона” билан тўқнаш келади. Ушбу баҳсдаги ғалаба “кўк-анорранглилар”га муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини тақдим этади.








