Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент туманида Cobalt 9 ёшли болани босиб, судраб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Вилоят ЙҲХБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Ҳодиса 18 октябрь куни соат тахминан 11:00 ларда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳудудидан ўтган (Д-015 Қизилтўғ – Паркент – Янги бозор) автомобиль йўлининг 57-километрида содир бўлган.
Ҳодисада 1986-йилда туғилган X.Д. бошқарувидаги Cobalt пиёдалар ўтиш жойидан югуриб ўтаётган 2016-йилда туғилган Ш.М.ни уриб юборган. Натижада пияда тан жароҳатлари олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, даволаниш жараёнида.
Баъзи ижтимоий тармоқларда бола ҳалок бўлгани ҳақида тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва асоссиз ҳисобланади.
Ушбу ЙТҲда иштирокчи сифатида Damas ҳайдовчиси, 1992-йилда туғилган К.X. ҳам қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








