Daryo

Ўзбекистоннинг сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажми 10 млрд долларга баҳоланди

Шавкат Мирзиёев вазирлар, ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари ҳафтада бир кунини шу соҳани ривожлантиришга ажратиши шартлигини айтди. Вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳам сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича имкониятларни ишга солиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

2 дақиқа ўқиш1 880 кўришлар0 изоҳ0

Хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 10 млрд долларга баҳолади. Бу ҳақда 21 октябрь куни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

“Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Бундай технологиялар иқтисодиётдан тортиб, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимигача чуқур кириб бормоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”, деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилганини айтди. Бир йилда Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаганини (дунёда 70-ўрин, Марказий Осиёда 1-ўрин)маълум қилди.

Қайд этилишича, 2030-йилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Бунинг учун Рақамли технологиялар вазирлиги янада кўп ишлаши, вазирлар, ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари эса ҳафтада бир кунини шу соҳани ривожлантиришга ажратиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

“Ҳамма вазирлар, ҳокимлар чет элга борганида сунъий интеллект иқтисодиёт тармоқлари ривожига қандай ҳисса қўшаётгани, аҳолига, бизнесга нима енгиллик бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади”, деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Масалан, тармоқлардаги кўплаб корхоналар бизнес жараёнларини рақамлаштириб, харажатларини 10 фоизгача камайтираётгани қайд этилди. Сунъий интеллект ҳам жорий этилса, самарадорлик янада ошиши таъкидланди.

Адлия, солиқ идоралари сунъий интеллект ёрдамида 24/7 режимида онлайн маслаҳат тизимини ишга туширди. Божхона қўмитаси сунъий интеллект орқали хавфни бошқариш тизимини йўлга қўйди. Геологияда ҳам сунъий интеллект ёрдамида видеотаҳлил тизимини йўлга қўйиб, рудадан олинадиган металл ҳажмини 1-2 фоизга ошириш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда. Бу биргина мис қазиб олишнинг ўзидан йилига 20 миллион доллар қўшимча даромад келтиради.

Урганч шаҳрида сунъий интеллект асосида “Ақлли шаҳар тизими” ишга туширилди. Ситуацион марказ ташкил қилиниб, электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти, бошқарув-сервис компаниялари, транспорт, йўл, ободонлаштириш, чиқинди корхоналари ягона тизимга уланган. Ҳар бир йўналишдан келиб тушаётган мурожаатларни сунъий интеллект асосида таҳлил қилиб, тезкор комплекс ечим бериш йўлга қўйилган. Буларнинг ҳисобидан йилига 16 миллиард сўм тежалмоқда.

Вилоят марказлари ва пойтахт туманларининг барча ҳокимларига Урганчдаги янги тажрибани ўрганиб, йил якунигача ўзида жорий қилиш топширилди. Бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳам соҳанинг ичига кириб, сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича имкониятларни ишга солиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар