Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 16 октябрь куни Исроил Ғазодаги барча гаровга олинганларнинг жасадларини қайтаришини айтди ва “уруш ҳали тугамаганини” таъкидлади. Бу ҳақда France24 хабар берди.
“Биз барча гаровга олинганларнинг жасадлари қайтарилишини таъминлашга қатъий қарор қилдик. Уруш ҳали тугамади, лекин бир нарса аниқ — ким бизга қўл кўтарса, жуда катта товон тўлашини билади. Биз узоқ йиллар давомида ғалабани қўлга киритишга қатъий бел боғлаганмиз”, деди у ҳарбийлар қабристонида бўлиб ўтган давлат маросимида.
Яҳудий бош вазири Исроил Ғазодаги урушдан кўзлаган “барча мақсадларига эришиши”ни айтди. Исроил гаровга олинганлар форуми ҳукуматни агар ҲАМАС жасадларни қайтармаса, сулҳнинг кейинги босқичларини кечиктиришга чақирмоқда. ҲАМАС тинчлик режасининг биринчи босқичи доирасида 48 нафар гаровга олинганларнинг барини қайтариши керак. Ҳозиргача 20 нафар тирик гаровга олинганлар ва етти кишининг жасади қайтарилган.
Сулҳ келишувига кўра, Исроил қайтарилган ҳар бир исроиллик қурбон учун 15 нафар фаластинлик жасадини топширади. Шу тариқа Ғазога қайтарилган фаластинликлар жасади 90 тага етди. Исроил ҲАМАС томонидан топширилган жасадлардан бири “гаровга олинганларнинг ҳеч бирига мос келмаслиги”ни айтди.
Исроилнинг Ғазога қарши урушида 2023 йил октябрдан буён 68 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳақиқий талафот бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки вайроналар остида ўн минглаб жасадлар бор. Қизил Хоч ва Фаластин марказий статистика бюроси маълумотларига кўра, яна минглаб одамлар бедарак йўқолган.








