Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи халқаро назорат остида қуролларини топширишга рози эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда гуруҳ ўзининг Telegram каналида хабар берди.
Тегишли баёнотга ҲАМАС қуролларини топширишга тайёрлиги ҳақида тарқалган хабарлар сабаб бўлди. Al Arabiya телеканали гуруҳ қурол-яроғларни босқичма-босқич топширишга рози бўлганини эълон қилди. ҲАМАС эса бундай маълумотлар “ҳеч қандай асосга эга эмас”лигини таъкидлади. Шунингдек, гуруҳнинг расмий баёнотлари ва позициялари фақат уларнинг сайти ва Telegram канали орқали эълон қилинишини билдирди.
Al Arabiya ўз манбасига таяниб, ҲАМАС воситачиларни қуролсизланишга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатганди. Шу билан бирга, гуруҳнинг АҚШ президенти Дональд Трамп режасига берган расмий жавобида бу банд йўқ бўлган. ҲАМАС вакиллари қурол масаласи Фаластин миллий консенсуси доирасида ҳал қилиниши кераклигини айтган.
3 октябрь куни ҲАМАС барча тирик исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишга, шунингдек, Ғазо секторини бошқаришни Фаластин қўмитасига топширишга рози бўлди. Бу АҚШ тақдим этган урушни тўхтатиш режасига киритилган. 6 октябрь куни Исроил ва ҲАМАС вакиллари Мисрда тинчлик режасини муҳокама қилиши кутилмоқда.








