Daryo

“Исроил Ғазо секторини ҳеч қачон бутунлай тарк этмайди” — яҳудий мудофаа вазири

Кац буни хавфсизлик билан изоҳлаб, анклавда ҳарбий-фуқаролик бўлинмалари ташкил этилишини маълум қилди.

2 дақиқа ўқиш3 620 кўришлар0 изоҳ1

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 23 декабрь куни хавфсизлик нуқтаи назаридан яҳудий ҳарбийлари Ғазо секторидан ҳеч қачон тўлиқ чиқиб кетмаслигини ва анклавда ҳарбий-фуқаролик бўлинмалари ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Вазирнинг ушбу баёноти Исроил ва ҲАМАС томонидан октябрь ойида имзоланган, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган тинчлик режасига зид ҳисобланади. Мазкур келишувга кўра, Исроил ҳарбийлари қирғоқ бўйидаги анклавдан босқичма-босқич тўлиқ чиқиб кетиши ва у ерда фуқаролик турар жойлари қайта тикланмаслиги керак эди.

“Биз ҳеч кимга ишонмаймиз”

Кац ўз нутқида 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумларни эслатиб ўтиб, бундай ҳодисалар такрорланишининг олдини олиш учун армия ҳудудда қолиши шартлигини таъкидлади.

“Биз Ғазонинг ичкарисидамиз ва Ғазони ҳеч қачон бутунлай тарк этмаймиз. Бундай ҳолат асло содир бўлмайди. Биз у ерда ҳимоя қилиш ва содир бўлган воқеаларнинг олдини олиш учун турибмиз”, деди у.

Шунингдек, вазир Исроил ўз фуқароларини ҳимоя қилишда бошқа ҳеч кимга ишонмаслигини, шу сабабли Ливан ва Сурияда ҳам бўлиш зарурлигини қўшимча қилди. Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг идораси ҳозирча мудофаа вазирининг ушбу сўзларига изоҳ беришдан бош тортмоқда.

“Наҳал” бўлинмалари ва янги турар жойлар

Кацнинг сўзларига кўра, Ғазо шимолида кўчирилган Исроил жамоалари ўрнига “Наҳал” бўлинмалари ташкил этилади. Маълумот учун, “Наҳал” — ҳарбий хизматга қизиққан фуқаролар учун бўлинма бўлиб, у ҳарбий хизматдан олдинги тайёргарлик ва кўнгиллилик дастурларини ўз ичига олади. Тарихан бу бўлинмалар Исроил аҳоли пунктларини ташкил этишда муҳим рол ўйнаган.

Гарчи Нетаньяху икки йиллик уруш давомида Ғазода аҳоли пунктларини қайта тиклаш эҳтимолини рад этиб келаётган бўлса-да, унинг коалициясидаги ўта миллатчи аъзолар Ғазони қайта эгаллаш тарафдори бўлиб қолмоқда.

Исроил Кац ушбу баёнотни босиб олинган Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Бейт-Эл аҳоли пунктида 1200 та янги уй-жой қурилишини эълон қилиш маросимида маълум қилди. Ушбу уйлар ёпилаётган Исроил ҳарбий базаси ўрнида барпо этилади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар