Туркия Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва 34 нафар исроиллик амалдорни ҳибсга олишга ордер чиқарган эди. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бу қарорни кескин танқид қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, бу қадам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг “навбатдаги пиар юриши” ҳисобланади. У Туркия прокуратураси яқинда Истанбул мэрини “Эрдўғонга қарши чиққани учун” ҳибсга олишга уринганини эслатди.
“Эрдўғоннинг Туркиясида суд тизими аллақачон сиёсий рақибларни бостириш, журналистларни, судялар ва мерларни босим остига олиш воситасига айланган. Исроил золим Эрдўғоннинг сўнгги пиар юришини қатъият ва нафрат билан рад этади”, деди Саар.
7 ноябрь куни Истанбул бош прокуратураси 37 нафар гумонланувчини, жумладан Исроил бош вазири, мудофаа вазири Исраэл Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳамда армия бош штаби бошлиғи Эял Замирни ҳибсга олишга ордер чиқарди.
Улар Ғазода “геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда”, шунингдек Фаластин ҳудудидаги денгиз блокадасини бузишга уринган “Сумуд” флотилияси кемаларига нисбатан қонунбузарликларда айбланмоқда.
Нетаньяхуга нисбатан Халқаро жиноий суд томонидан берилган ҳибсга олиш ордери ҳам кучда қолмоқда. Исроил бош вазири “камида 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларда” гумон қилинмоқда. Тель-Авив эса бу чорани антисемитизм деб баҳолаган.








