Daryo

Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди (фото)

Саудия Арабистони, Япония ва Корея компаниялари иштирокидаги халқаро консорсиум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат. Биринчи босқичда 2,5 млрд доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Мамлакатга 27 млрд доллардан ортиқ даромад келтириши кутилмоқда.

3 дақиқа ўқиш2 650 кўришлар0 изоҳ5

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Шунингдек, мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Ўзбекистон дунёга кенг очилганидан сўнг хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030-йилга бориб, 15 миллионга етиши айтилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри қулай жойлашуви, инвестицион жозибадорлиги, яшаш учун барча шарт-шароитларга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания қурилди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Польша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Давлат раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидлади. Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилди. Таҳлилларга кўра сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими 3 карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040-йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Сожитз” ва Кореянинг “Инчеон” компаниялари иштирокидаги халқаро консорсиум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.

Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талабларига тўлиқ жавоб беради. Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.

Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик Duty free зонаси ташкил этилади.

Янги аэропортни қуриш орқали мултимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

Энг асосийси, янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.

Давлат раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, молия ташкилотлари, туристик компаниялар вакилларига миннатдорлик билдирди. Янги аэропортнинг барпо қилинишида қатнашадиган барча мутахассислар, муҳандислар ва қурилиш жамоасига юксак ишонч билдирди.

Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар