Самарқанд вилояти Қўшработ туманида мактаб котибаси 3-синф ўқувчисини синфдошлари олдида калтаклади. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, 6 октябрь куни мактабнинг кадрлар бўйича менежери Қ.С. фарзанди билан боғлиқ жанжал сабабли 3-“А” синф ўқувчиси Р.Ф.га қўл кўтарган. Фарзанди унга синфдоши урганини айтган.
Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув олиб борди ва жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилгани суд-тиббий экспертиза хулосасида тасдиқланди.
Айни пайтда иш суд тартибида кўриб чиқилмоқда. Мактаб ходими билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, ички тартиб-қоидаларга риоя этилмагани учун мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги мактабда 4-синф қиз ўғил бола синфдошлари томонидан калтаклангани, аммо мактаб раҳбарияти ҳолатга эътиборсиз қараётгани хабар берилганди. Бу каби ҳолатларга қайта йўл қўймаслик мақсадида ота-оналар билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, мактаб директори ва масъулларга интизомий чора кўрилган.








