Ўзбекистонда Amazon компанияси билан сунъий йўлдош орқали интернет хизматини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вазир Шерзод Шерматов АҚШнинг Amazon Kuiper компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида томонлар рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва кенг полосали интернет хизматларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Services LLC ўртасида англашув меморандуми (Memorandum of Understanding) имзоланди. Ҳужжат Project Kuiper сунъий йўлдош тармоғи орқали мамлакат ҳудудида юқори тезликдаги интернет хизматларини йўлга қўйиш ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берди.
Amazon Kuiper — бу Amazon корпорациясининг сунъий йўлдош интернет лойиҳаси билан шуғулланувчи бўлинмаси бўлиб, у Ер орбитасидаги (LEO) йўлдошлар орқали бутун дунё бўйлаб юқори тезликдаги интернет хизматларини тақдим этишни мақсад қилади.
Starlink сунъий йўлдош интернети Ўзбекистонда ўз хизматини 2026 йилда йўлга қўйиши ҳам кутилмоқда. Бу маълумот сервис сайтида эълон қилинган.








