Ўзбекистонда баъзи қурилиш корхоналари шартномани бекор қилган истеъмолчидан 10 фоиз жарима ундирмоқда. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қўмита фуқароларни огоҳлантириб, бундай ҳаракат ноқонуний эканини билдирди.
“Мурожаатларни ўрганиш жараёнида айрим қурилиш корхоналари шартномаларга қонунчиликка зид бандлар киритаётгани аниқланди. Хусусан, шартнома шартларида “агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти истеъмолчи томонидан тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда. Амалда эса бундай талаблар қонун нормаларига зид ҳисобланади”, дейилади манбада.
2025-йилда Рақобат қўмитаси саккиз нафар истеъмолчига қурилиш ташкилотлари билан тузилган шартномаларни бекор қилишга кўмаклашган. Уларга асоссиз равишда жарима солишнинг олди олиниб, 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилиши таъминланган.
Қўмита Фуқаролик кодексининг бир неча моддаларини мисол сифатида келтириб, аҳолини огоҳликка чақириган. Жумладан, 385-моддада шартнома бекор қилинганда фақат иккинчи тарафга аниқ зарар етказилган тақдирдагина уни қоплаш мумкинлиги белгилангани қайд этилган.
Кодекснинг 14-моддасида “зарар” тушунчаси ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда сифатида кўрсатилгани, амалда истеъмолчи шартномани бекор қилганда қурилиш ташкилотига зарар етмаслиги таъкидланган.
“Чунки кўп қаватли уйлар типик лойиҳа асосида қурилади ва қурилиш ташкилотлари бундай объектларни осонликча бошқа харидорга сотиши мумкин. Бундан ташқари, уйларга талаб юқори ва нархлар йилдан йилга ортиб бораётгани қурилиш ташкилотлари кўп ҳолларда фойда кўришини таъминлайди”, дея тушунтирган қўмита.
Шу билан бирга, кодекснинг 260-моддасига асосан неустойка (жарима, пеня) қарздор ўз мажбуриятини бажармаган ҳолдагина қўлланиши мумкин.
Истеъмолчи шартномани бекор қилса, жарима ундириш ҳолати “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ҳам зидлигини билдирилган.
Қўмита аҳолидан янги қурилаётган уйлардан хонадон харид қилишда шартнома шартлари билан тўлиқ танишиб чиқишни сўраган. Агар ҳуқуқий билим етарли бўлмаса, малакали юрист ёки адвокат хизматидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.








