Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) Исроил терма жамоалари ва клубларини халқаро турнирлардан четлатмайди. Бу ҳақда Israel Hayom нашри хабар берди.
Манбага кўра, УЕФА раҳбариятига АҚШ томонидан кучли босим ўтказилган. Исроилни қўллаб-қувватлашда бир қатор дипломатлар, футбол ассоциациялари вакиллари ҳамда спорт соҳасидаги юқори мартабали шахслар иштирок этган.
Ҳозирча Исроил футбол ассоциацияси Европа мусобақаларидан четлатилмаган. Бу эса Тель-Авивнинг “Маккаби” клуби 2025/2026-йилги мавсумда Европа Лигаси баҳсларида иштирок этишини англатади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг кичик маслаҳатчилари Исроилни футбол мусобақаларидан, умуман УЕФА ҳамда FIFA турнирларидан четлатиши таклиф қилди. Бироқ, ушбу орган футбол билан бевосита боғлиқ эмас ва унинг аъзолари на БМТ, на ўзлари аъзо бўлган қўмита номидан расман фикр билдириш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, FIFA ва УЕФА қарорига кўра, Россия терма жамоалари ва клублари Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар сабабли халқаро мусобақалардан тўлиқ четлатилган.








