Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 22 сентябрда амалда бўладиган қийматини эълон қилди.
Унга кўра:
- доллар 35,16 сўмга кўтарилиб, 12 349,87 сўм бўлди;
- евро 54,71 сўмга пастлаб, 14 524,68 сўм бўлди;
- рубль 0,11 сўмга тушиб, 148,15 сўмни ташкил этди.
18 сентябрда доллар 30,89 сўмга тушиб, 12 254,27 сўм бўлганди. Доллар курсининг бундай паст кўрсаткичи охирги марта 2023 йил ноябрида қайд этилган эди. Ўша йилнинг 6 ноябрида доллар курси 12 254 сўмни ташкил этган.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловга кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан ҳозирги мустаҳкамланиши бу Марказий банкнинг АҚШ долларини сотиши йўли билан сунъий қилинаётган тадбир ҳисобланади.
“Шунинг учун доллар курси тушаётгани билан товарларнинг баҳоси тушмаяпти. Агар доллар курсининг сўмга нисбатан қадри пасайиши табиий иқтисодий қонуниятлар асосида давом этса, унда бу, албатта, товарлар ва хизматлар баҳоларининг пасайишига олиб келади. Лекин ҳозир бу маъмурий йўл билан, яъни валюта интервенсияси орқали амалга ошириляпти. Бу нархларнинг тушишига олиб келмайдиган муҳим бир омилдир”, деган эди у “Дарё”га берган интервьюсида.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов эса Ўзбекистонда алмашув курси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф асосида шаклланиши, Марказий банк алмашув курси бўйича бир мақсадли кўрсаткич белгиламаслиги ва алмашув курси шаклланишига аралашмаслигини айтганди.








