Daryo

Тошкент метросида қизларга шилқимлик қилиб тегинган эркак 5 суткага қамалди

Эркак қилган иши ҳақида сўралганда, ўзини ушлаб туролмаганини таъкидлаган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилди.

1 дақиқа ўқиш1 373 кўришлар0 изоҳ0

Тошкент метросида қизларга шилқимлик қилиб тегинган эркак 5 суткага қамалди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди. 

Маълум қилинишича, видеода тасвирга тушган эркак 1971 йилда туғилган Фаррух исмли шахс экани аниқланди. Шундан сўнг фуқаро топилиб, Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб келинди. 

Юқоридаги ҳолатни қандай изоҳлаши мумкинлиги сўралганда эса фуқаро шундай жавоб берди:

“Дружба” томонида ёнимга битта қиз чиқиб қолди. Ўзимни ушолмай, нафсимни тиёлмай, қўлим кетиб қолди орқа томонига. Шарманда бўлдим мен энди. Узр сўрайман. Пушаймонман, бошқа қайтарилмайди”.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига тақдим қилинди. Фуқарога нисбатан суд қарори эълон қилинди.

Ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-184-моддаси билан назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб айбли топилди ва унга ушбу моддалар билан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шилқимлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда

Куни кеча Навоий вилояти Учқудуқ туманида маҳалла раиси “Аёллар дафтарига” киритиб қўйишни сўраб келган аёлга шилқимлик қилган эди.

Шунингдек, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 48 ёшли маҳалла раиси вояга етмаган қизга шаҳвоний шилқимлик қилгани ҳақида хабар берилганди. Унга нисбатан 4 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Бундан ташқари, куни кеча Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Солиқ инспексияси раҳбари тадбиркор аёлга шилқимлик қилгани учун ишдан олингани хабар қилинган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар