Daryo

Норин дарёсида биринчи миллий ГЭС ишга туширилди

Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.

2 дақиқа ўқиш1 917 кўришлар0 изоҳ8

Ўтган йили 25 март куни давлат раҳбари Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Бугун улардан бири – Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.

Охирги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда ўндан зиёд қуёш ва шамол электр станцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда 450 мегаваттли гидроэлектр станциялар фойдаланишга топширилди.

Ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” аксиядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.

Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода уни мамлакатимиздаги биринчи миллий ГЭС дейиш мумкин.

ГЭС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЭСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.

Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.

ГЭСда сув тўсиш иншооти ҳам қурилди. Шунингдек, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудни обод қилиш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган. Шу жиҳатлари билан бу ер нафақат энергетика, балки экотуризм ва рекреация масканига ҳам айланади.

Умуман, Норин ГЭСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026-йилда иккинчи ва учинчи, 2027-йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади.

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Xalqaro jurnalistika yo‘nalishi talabasiman. “Daryo”da 2025-yilning avgust oyidan buyon ishlayman. Xabarlar yozaman. Sevimli kitobim Jek Londonning “Martin Iden” asari. Har yili Andrey Tarkovskiyning “Nostalghia” filmini kamida bir marta qayta ko‘raman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар