“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия Премер Лигасининг 4-туридан ўрин олган “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйиндан сўнг ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг ҳаракатларига ижобий баҳо берди.
“Ўн бир ой давомида ҳар уч кунда майдонга тушишга мажбурмиз. Ҳусановнинг ҳар бир учрашувда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаши амалда имконсиз. Бундай юкни ҳеч бир футболчи кўтара олмайди. Шунинг учун бизга барча футболчилар керак. Шу билан бирга, Ҳусановнинг жисмоний тайёргарлиги аъло даражада. У ёш, ҳали ўрганиши керак бўлган жиҳатлари бор, лекин тезлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бугун ўз зонасини ишончли ёпди, тўпни деярли йўқотмади ва тоза ўйин кўрсатди. Айниқса, унинг ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик билан чиқишини таъкидлаш жоиз”, деди Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” ушбу беллашувда “Манчестер Юнайтед” устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа давомида ҳаракат қилди. У майдонда ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнади.
Айни пайтда “шаҳарликлар” 6 очко билан турнир жадвалининг 8-поғонасида бормоқда. Клуб навбатдаги беллашувни 19 сентябрь куни Чемпионлар Лигаси доирасида “Наполи”га қарши ўтказади.








