Тошкент шаҳрида ToshTech техника университетини ташкил этиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, университет академик, молиявий ва ташкилий-бошқарув соҳаларида мустақил ҳисобланади. Ушбу олийгоҳда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давлат ва хорижий тилларда амалга оширилади.
2025/26-ўқув йилидан давлат бюджетидан молиялаштириладиган 1 йиллик тайёрлов курси жорий этилади. 2026/27-ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим жараёни йўлга қўйилади. 2027/28-ўқув йилидан босқичма-босқич магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари жорий этилади.
2029/30-ўқув йилигача ўқишга қабул қилинган талабалар тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади.
Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни таълим тизимига оид режалар тақдимоти билан танишганида Тошкент шаҳрида Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, ToshTech техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилиши маълум қилинганди.
Давлат раҳбари 2024 йил 20 июнда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлишини айтганди. Ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган ҳамкор давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлигини таъкидлаганди.








