Бувайдалик Ҳувайдо момонинг ёши 130 эканини исботловчи факт топилди. Энди у расман Ўзбекистондаги энг ёши улуғ инсон ҳисобланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Вазирлик ташаббуси билан ўтказилган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” аксияси давомида Бувайда тумани адлия бўлими ходимлари томонидан туманнинг “Қорақум” МФЙда амалга оширилган хатловларда 1895-йилда туғилган Умарова (Тошматова) Ҳувайдо момонинг туғилиши қайд этилмагани аниқланди.
Бувайда тумани адлия бўлими томонидан киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг Бувайда тумани “Қорақум” МФЙда ўтказган сайёр суд мажлисида Ҳувайдо момонинг 1895 йил 1 январда Бувайда туманида туғилганлик факти белгиланди.
Қайд этилишича, Ҳувайдо момо Гиннес рекордлар китобига дунёдаги энг ёши улуғ инсон сифатида ҳам киритилиши мумкин.
Маълумки, дунё тарихида расмий равишда энг ёши улуғ инсон сифатида Францияда яшаган Жеанне Лоуисе Cалмент тан олинган бўлиб, у 122 йил 164 кун умр кўрган. Бу ҳолат Гуиннесс рекордлар китобида қайд этилган.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистонда аниқланган 130 ёшли момонинг туғилганлик фактини халқаро экспертлар томонидан ҳам тасдиқлаш катта аҳамият касб этади. Бу нафақат мамлакат, балки жаҳон миқёсида ҳам улкан ҳодиса бўлиши мумкин.








