АҚШнинг “Интер Майами” клуби ҳужумчиси Лионель Месси 2026 йилги “Олтин тўп” совринига номзодлар рўйхатидан жой олиб, ноёб рекорд ўрнатди.
Centre Goals маълумотларига кўра, 39 ёшли футболчи “Олтин тўп”га илк ва сўнгги номинацияси орасида 20 йил вақт ўтган тарихдаги илк футболчига айланди. Аргентина терма жамоаси сардори илк бор 2006 йилда, 19 ёшида ушбу нуфузли совринга номзодлар қаторидан жой олган эди. Ўшанда Месси овоз бериш якунларига кўра 20-ўринни эгаллаган, соврин эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаварога насиб қилган.
Ўтган вақт давомида Месси 17 марта “Олтин тўп” совринига номзодлар рўйхатидан жой олди. Ўтган мавсумда аргентиналик ҳужумчи “Интер Майами” билан MLS чемпионлигини қўлга киритди ва лиганинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Аргентина терма жамоаси сафида эса Месси 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалига қадар етиб борди.
Месси “Олтин тўп”лар сони бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади. У ушбу совринни 8 марта — 2009, 2010, 2011, 2012, 2015, 2019, 2021 ва 2023-йилларда қўлга киритган.
Клуб миқёсида аргентиналик юлдуз “Интер Майами”дан ташқари “Барселона” ва “Пари Сен-Жермен” жамоалари шарафини ҳам ҳимоя қилган.
2026 йилги “Олтин тўп”ни топшириш маросими 26 октябрь куни бўлиб ўтади.








