Ўзбекистон Афғонистонга 57 та ҳарбий вертолётни қайтаришга рози бўлгани ҳақидаги хабарлар асоссиз. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов “Дарё”га маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳарбий учоқлар Афғонистонга қайтарилиши тўғрисидаги хабарларни ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва ҳолатга Ўзбекистон позицияси ўзгаришсиз қолганини билдирди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Аfghanistan International манбаларга таяниб, “яқин кунларда Афғонистондан олиб чиқиб кетилган ўнлаб вертолётлар яқин кунларда Ўзбекистондан Кобулга қайтарилиши” ҳақида хабар берган. Шундан сўнг 11 сентябрда Тhe Kabul Times нашри Ўзбекистон Афғонистонга 57 та вертолётни қайтаришга рози бўлганини ёзган. Аммо шу пайтгача уларнинг сони 46 та сифатида кўрилиб, муҳокама қилинаётган эди.
Гап 2021 йил август ойида “Толибон” Кобулни эгаллаб олган пайтда 585 нафар қуролли афғон ҳарбий хизматчилар билан Сурхондарёга олиб ўтилган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт ҳақида кетмоқда. Улар АҚШ ҳукуматининг маблағига харид қилиниб, Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ихтиёрига вақтинчалик берилганди.
Афғонистон муваққат ҳукуматининг ушбу ҳарбий техникаларни қайтариш бўйича чақириқларига жавобан Ўзбекистон расмийлари самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки экани ва уларни қайтариб бўлмаслигини маълум қилган.








