Daryo

Конгода Эбола эпидемияси эълон қилинди

Лабаратория таҳлилларида мамлакатнинг Касаи провинсиясида вируснинг “Эбола заире” тури авж олаётгани аниқланди

2 дақиқа ўқиш1 362 кўришлар0 изоҳ2

Конго Демократик Республикаси соғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатнинг Касаи провинсиясида Эбола вирусига чалиниш ҳолатлари кўпайгани сабабли эпидемия бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ ) хабар берди.

ЖССТнинг маълум қилишича, 4 сентябрь ҳолатига кўра, Касаи провинсиясининг Булапе ва Мвека соғлиқни сақлаш зоналарида камида 28 нафар бемор вирусга гумон қилинган. 15 киши вафот этган, улардан 4 нафари тиббиёт ходимларидир.

Касаллик белгилари сифатида иситма, қайт қилиш, ич кетиши ва қон кетиши ҳолатлари қайд этилган. 3 сентябрь куни пойтахт Киншасадаги Миллий биотиббиёт тадқиқот институтида олинган намуналарда Эбола вируси — хусусан, Эбола заире тури аниқланган. Эпидемияга қарши кураш учун миллий тезкор жавоб гуруҳи, ЖССТнинг эпидемиология, инфекцияни назорат қилиш, лаборатория ва касалликни бошқариш мутахассислари провинцияга юборилган.

Шунингдек, маҳаллий аҳолига вирус ҳақида тушунтириш ишларини олиб борилмоқда. Мамлакатга 2 тонна тиббий жиҳозлар, шахсий ҳимоя воситалари, мобил лаборатория ускуналари етказилиши режалаштирилган. Гуруҳлар вирусга чалинган ёки касалланганлар билан контактда бўлган шахсларни аниқлаб, уларни тезкор тиббий ёрдам билан таъминламоқда.

Пойтахт Киншасада ҳозирда ушбу вирусга қарши самарали ҳисобланган Эрвебо вакцинаси захирада мавжуд бўлиб, 2000 доза яқин орада Касаи провинциясига етказилади. Вакцина, энг аввало, тиббиёт ходимлари ва касаллар билан алоқада бўлганлар учун мўлжалланган.

“Биз вирус тарқалишини тўхтатиш ва аҳолини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўряпмиз. Конго бу каби эпидемияларни жиловлаш борасида катта тажрибага эга. Соғлиқни сақлаш расмийлари билан яқин ҳамкорликда муҳим чораларни тез фурсатда кенгайтирамиз”, деди ЖССТ   Африка минтақавий директори доктор Муҳаммад Жанабий.

Эбола — кам учрайдиган, аммо жуда хавфли ва ўлим билан якунланиши мумкин бўлган вирусли касаллик. Вирус кўршапалаклардан одамга юқади, кейинчалик эса касалланган одамларнинг қон ва тана суюқликлари орқали инсондан инсонга ўтади.

Конго Демократик Республикасида сўнгги марта Эбола эпидемияси 2022 йил апрель ойида мамлакатнинг шимоли-ғарбий Экватор провинциясида қайд этилган бўлиб, у 3 ой ичида назоратга олинган. Касаи провинциясида эса олдинги ҳолатлар 2007/2008 йилларда аниқланган. Вирус илк бор 1976 йилда аниқлангандан бери мамлакатда 15 марта эпидемик ҳолат қайд этилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар