Daryo

Конгода Эбола эпидемияси авж олди: 65 киши вафот этди

Вирус ИШИДга алоқадар гуруҳ фаол бўлган ҳудудда тарқалмоқда. Ҳозиргача тахминан 246 та касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу мамлакатдаги 17-эпидемия ҳисобланади.

2 дақиқа ўқиш3 415 кўришлар0 изоҳ1

Конго Демократик Республикасининг (КДР) шарқий Итури провинциясида Эбола вируси эпидемияси тарқалгани эълон қилинди. Бу ҳақда Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига таяниб, BBC хабар берди.

Ҳозирга қадар тахминан 246 та ҳолат ва 65 та ўлим қайд этилди. Касаллик асосан олтин қазиб олинадиган Монввалу ва Рвампара шаҳарчаларида тарқалмоқда. 15 май кунги баёнотда айтилишича, Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ҳозирда Конго, Уганда, Жанубий Судан ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан фавқулодда йиғилиш ўтказмоқда. Унда касалликка қарши курашиш ва чегаралардаги назоратни кучайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Вирус ҳақида

Эбола илк бор 1976-йилда ҳозирги Конго ҳудудида аниқланган. Вирус кўршапалаклардан тарқалиши тахмин қилинади. Бу мамлакатдаги 17-эпидемия ҳисобланади. Касаллик тана суюқликлари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқади.

Оқибатда кучли қон кетиши ва ички аъзолар етишмовчилигини келтириб чиқаради. Вирус иситма, мушаклардаги оғриқ, чарчоқ, бош оғриғи ва томоқ оғриғИ билан кечади. Эбола вирусига қарши ҳозирча самарали даво йўқ.

Пойтахт Киншасадаги Миллий биотиббиёт тадқиқот институтида ўтказилган дастлабки тестлар натижасида, таҳлил қилинган 20 та намунадан 13 тасида вирус аниқланди. Бу текширувлар Конго Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миллий жамоат институти билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилди.

Шунингдек, Итури провинцияси маркази Буниа шаҳрида ҳам шубҳали ҳолатлар аниқланган, аммо лаборатория хулосаси ҳали чиқмаган. Конго ҳукумати эпидемияни ҳали расман эълон қилгани йўқ. BBC манбаларига кўра, 15 май куни кечроқ матбуот анжумани ўтказилиши кутилмоқда.

Итури провинцияси 2021-йилдан бери ҳарбий бошқарув остида. Ҳудуддаги ўнлаб қуролли гуруҳларни, жумладан, ИШИДга алоқадор “Иттифоқчи демократик кучлар” (АДФ) гуруҳини зарарсизлантириш учун фуқаролик маъмурияти ўрнига ҳарбий генерал тайинланган. Бундай вазият тиббий ёрдам кўрсатишни қийинлаштириши мумкин.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Охирги 50 йил ичида Африка мамлакатларида Эбола оқибатида 50 000 га яқин одам вафот этган. 2018–2020-йиллар энг ҳаолкатлари давр сифатида қайд этилиб, Конгода 2300 га яқин киши ҳаётдан кўз юмган. 2025-йилда Марказий Касай провинциясида 45 киши ушбу вирус қурбони бўлган эди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар