Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус 30 май куни Конго Демократик Республикасининг (Конго ДР) Эбола эпидемиясидан энг кўп жабр кўрган провинциясига борди. У аҳолини даволанишга ва дафн маросимларини хавфсиз ўтказишга чақирди.
Бу сафарги эпидемия Конго ДРдаги 17-эпидемиядир. Шунингдек, у Эбола касаллиги ярим аср аввал кашф этилганидан бери учинчи энг йириги ҳисобланади. Касаллик глобал чоралар кўриш даражасидан тезроқ тарқалмоқда. Тедрос Адҳаном 28 май куни Киншасага учишдан олдин буни тан олди.
Унинг ташрифи Бразилиядаги хабарлар фонида юз берди. 30 май куни Бразилия ҳукумати Сан Паулу штатида Эболага чалинганликда гумон қилинаётган ҳолатни текшираётганини маълум қилди. Бемор яқинда Конгога бориб келган эркак кишидир. Расмийларнинг билдиришича, у махсус шифохонада изоляцияга олинган.
Тедрос 29 май куни Конго ДР бош вазири Жудит Суминва Тулука билан учрашди. 30 май куни эса у Итури провинциясининг маркази Буня шаҳрига учиб кетди. Май ойининг бошида биринчи касалланиш ҳолатлари айнан шу ерда тасдиқланганди.
Тедрос мамлакат соғлиқни сақлаш вазири билан бирга матбуот анжумани ўтказди. ЖССТ раҳбарининг айтишича, Эболанинг ноёб Бундибугё штаммига қарши тасдиқланган вакцина ёки дори йўқ. Шу сабабли беморларни эрта босқичда парвариш қилиш жуда муҳим. Бунга изоляция, организмнинг сувсизланишига қарши курашиш ва оғриқни қолдириш киради.
“Шифокорларга эрта мурожаат қилиш вазиятни ҳақиқатдан ҳам ўзгартиради”, деди Тедрос.
У аҳолини вафот этганларни хавфсиз дафн этишга чақирди. Чунки Эбола қурбонларининг жасадлари жуда юқумли бўлади.
“Инсон ўз яқинини йўқотиши қанчалик оғриқли эканини ва уларни муносиб ҳурмат қилиш қанчалик муҳимлигини тушунаман. Биз йўқотганларимиз учун қайғураётган бўлсак-да, бошқаларни йўқотмаслик учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак”, дея қўшимча қилди у.
Ҳозиргача шифохоналарга оломон томонидан бир неча бор ҳужумлар уюштирилди. Одамлар анъанавий дафн маросимларини ўтказиш учун жасадларни қайтариб олишга уринмоқда. Бундай маросимларда оила аъзолари жасадга махсус ҳимоя воситаларисиз тегади.
Рақамлар ва маблағ етишмовчилиги
ЖССТ 29 май куни Конго ДРда Эболага чалинганликда гумон қилинган 906 та ҳолат борлигини маълум қилди. Шундан 223 та ўлим ҳолати текширилмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Самуэл Рожер Камба кейинроқ гумонланувчилар сони 1028 нафарга етганини, улардан 225 тасида вирус тасдиқланганини айтди.
Тиббиёт ходимлари ва ёрдам ташкилотларининг билдиришича, уларда ҳатто энг оддий ниқоблар ҳам етишмаяпти. Чунки эпидемия бир неча ҳафта давомида сезилмасдан тарқалган.
Тедрос пайшанба куни Киншасага келганида халқаро ҳамжамиятни ёрдам беришга чақирди. Унинг айтишича, ЖССТ керакли маблағнинг фақат учдан бир қисмини олган. Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари бош директори доктор Жан Касея ҳам 28 май куни баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, баъзи донорлар ўз ҳиссаларини қайта кўриб чиққани сабабли, дастлаб ваъда қилинган маблағлар миқдори кескин камайиб кетган.
“Вазият назорат остидан чиқиб кетгани йўқ”
Эбола ҳолатлари Конго ДРнинг учта провинциясида ва қўшни Угандада тасдиқланди. Уганда шу ҳафта мамлакат билан чегарасини ёпди. Вазир Камба Тедроснинг ташрифи олдидан Итури провинциясида бир неча кун бўлди. 28 май кунидаги матбуот анжуманида у эпидемиянинг назоратдан чиқиб кетгани ҳақидаги хабарларни рад этди.








