Конго Демократик Республикаси (КДР)да камида 131 кишининг ҳаётига зомин бўлган Эбола эпидемияси кутилганидан ҳам тезроқ тарқалаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакили огоҳлантирди.
ЖССТ шифокори Энн Ансия BBC телеканалига берган интервьюсида ташкилот суриштирув ўтказгани сари касаллик бошқа ҳудудларга ҳам тарқалгани ойдинлашди. Расмийларнинг 19 май кунги маълумотига кўра, КДРда 513 дан ортиқ одам касалликка гумонланган. Қўшни Угандада эса бир киши ушбу вирусдан вафот этган.
Лондондаги MRC маркази (юқумли касалликлар таҳлили маркази) 18 май куни янги ҳисобот эълон қилди. Унда айтилишича, касалликка чалинганларнинг кўпчилиги ҳали аниқланмаган. Марказ мутахассислари беморлар сони аллақачон 1000 тадан ошиб кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Тадқиқотга кўра, ҳозирги эпидемия расмий маълумотларда айтилганидан анча катта. Касаллик аслида қанчалик кенг тарқалгани эса ҳали ҳам аниқ номаълум бўлиб қолмоқда.
Қизил Хоч ташкилоти ҳам вазият бўйича баёнот берди. Агар касаллик вақтида аниқланмаса, аҳолида маълумот етишмаса ва соғлиқни сақлаш тизими оғир юкни кўтаролмаса, Эбола тез фурсатда кескин кучайиб кетади. Ташкилот ҳозирги эпидемияда айнан мана шу салбий шароитларнинг барчаси кўзга ташланаётганини қўшимча қилди.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус ўтган ҳафтада ушбу эпидемияни халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилган эди. У эпидемиянинг кўлами ва тезлигидан чуқур хавотирда эканини билдирди.
Касаллик биринчи марта 24 апрелда аниқланган. Бироқ мутахассислар эпидемия бундан бир неча ҳафта олдин бошланган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Ҳозирги ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлаётган Эбола штаммига қарши вакцина мавжуд эмас. ЖССТ бошқа дорилар ҳимоя қила олиш-олмаслигини ўрганмоқда.
Халқаро экспертлар Эбола вакциналарини муҳокама қилиш учун йиғилмоқда
ЖССТ бошчилигидаги экспертлар гуруҳи 19 май куни учрашув ўтказиши режалаштирилди. Унда
КДР
шарқидаги йирик эпидемияга қарши курашиш учун вакцина вариантлари бор-йўқлиги муҳокама қилинади. Эболанинг Бундибугё штаммига қарши тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули йўқ. Ушбу штаммда ўлим кўрсаткичи 40 фоизгача етади.
Бироқ Мерcк компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Эрвебо вакцинаси мавжуд. У аслида Эбола Заире штамми учун қўлланади. Лекин ҳайвонларда олинган тадқиқотлар унинг Бундибугё штаммига қарши ҳам маълум даражада ҳимоя бера олишини кўрсатган. Учрашув кун тартибидан ушбу вакцинани ва бошқа вариантларни синовдан отказиш имкониятлари жой олади.
“Қарши чоралари бўлмаган штамм туфайли эпидемия келиб чиққанда, биз энг тўғри ёндашув бўйича маслаҳат берамиз. Қўлимиздаги барча далилларни кўриб чиқиб, бир қарорга келамиз”, деди Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази вакили.
Вирус тарқалиши
Доктор Энн Ансия BBC нашрига берган интервьюсида эпидемиянинг ўчоғи бўлган КДРнинг Итури провинцияси ҳақида гапирди. Унинг айтишича, бу ер жуда хавфли, қуролли гуруҳлар назоратидаги ҳудуд бўлиб, аҳоли доимий ҳаракатда. Бу эса ташкилотга касалликни ўрганиш ва назорат қилишда қийинчилик туғдирмоқда.
“Эпидемияни қанчалик кўп ўрганганимиз сайин, унинг чегарадан ташқарига ва бошқа вилоятларга ҳам бир оз тарқалиб улгурганини тушуняпмиз”, деб қўшимча қилди шифокор.
Эпидемия Жанубий Киву провинциясига ҳам ўтган. Бу ҳудуд аҳолиси кўп йиллардан буён гуманитар инқироздан жабр кўриб келмоқда. Шунингдек, КДР шарқидаги энг йирик шаҳар бўлган Гомада ҳам битта ҳолат аниқланган.
Бу шаҳар аҳолиси қарийб 850 минг кишини ташкил этади ва у Руанда томонидан қўллаб-қувватланадиган исёнчилар назорати остида. Бир неча вилоятларда хавфсизлик даражаси пастлиги сабабли одамлар тез-тез кўчиб юрибди, бу эса вирус юқиши ва тарқалиши хавфини оширмоқда.
Қўшни давлатлар чоралари
Бир қанча Африка давлатлари чегараларда текширувларни кучайтириб, тиббиёт муассасаларини шай ҳолатга келтирмоқда. Қўшни Руанда Конго билан чегараларини ёпди. Уганда эса аҳолига қучоқлашиш ва қўл бериб сўрашишдан тийилишни буюрди.
2014 ва 2016-йиллар оралиғида Ғарбий Африкада 28 600 дан ортиқ одам Эболага чалинган эди. Бу вирус 1976-йилда кашф этилганидан буён энг йирик эпидемия ҳисобланади. Ўшанда касаллик тасдиқланган вакцинаси бор бўлган Заире штамми туфайли келиб чиққанди.
Касаллик Ғарбий Африка ва ундан ташқаридаги бир қатор давлатларга, жумладан, Гвинея, Серра Леоне, АҚШ, Буюк Британия ҳамда Италияга тарқалиб, 11 325 кишининг умрига зомин бўлган.
Эбола қандай касаллик?
Ушбу касаллик биринчи марта 1976-йилда ҳозирги Конго Демократик Республикаси ҳудудида аниқланган ва кўршапалаклардан тарқалган деб тахмин қилинади. Бу мамлакатда юқори ўлим кўрсаткичига эга Эболанинг 17-марта авж олишидир. Кўршапалаклар вирус ташувчиси ҳисобланса-да, уларнинг ўзи бу касалликдан ўлмайди.
Касаллик танадаги суюқликлар (тер, сўлак, қон, она сути ва ҳ.к)билан бевосита контакт қилиш ёки шикастланган тери орқали юқади. У кучли қон кетиши ва ички аъзолар етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Дастлабки аломатлар орасида иситма, мушак оғриғи, чарчоқ, бош ва томоқ оғриғи кузатилади. Кейинчалик кўнгил айниши, диарея, тошма ва қон кетиши бошланиши мумкин.








