Ижтимоий тармоқларда “Олтиариқдаги давлат боғчасида болалар овқатдан заҳарланди” мазмунида тарқалган маълумот ўрганилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Ўрганиш давомида тарқатилган хабардаги важлар асоссиз экани аниқланди. 22 август куни 2 нафар, 23 август куни эса 4 нафар тарбияланувчи ич бузилиши ташхиси билан Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Уларнинг бирортасига заҳарланиш ташхиси қўйилмаган.
Аниқланишича, бемор болалардан бирининг қариндоши — “Қизилтепа” МФЙ оилавий поликлиникасида ишловчи патронаж ҳамшира A.A. маҳалла учун очилган Telegram канал орқали “боғчада заҳарланиш бўлди” деган асоссиз маълумотни тарқатган.
У ота-оналардан фарзандларида кўнгил айниши, бош оғриғи ёки иситма кузатилса шифохонага мурожаат қилишни сўраган. Натижада ота-оналар болаларининг соғлигидан хавотирланиб уларни шифохонага ётқизган.
Ҳозирда барча болалар соғлом ҳолда оиласига қайтарилган. Олтиариқ туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг маълум қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб фаолияти вақтинча тўхтатилган, таъмир сентябрь ойида якунланиши режалаштирилган.








