Daryo

Энди у мудроқ аждар эмас. Хитой дунёга қандай қуролларини кўрсатди?

Хитой Иккинчи жаҳон урушида Япония устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллик юбилейини нишонлади. Шу муносабат билан ташкил этилган супер масштабдаги парадда 45 минг аскар, 600 ҳарбий техника ва 100 та самолёт қатнашди. Уларнинг орасида енгил машинадан тортиб, қитъалараро баллистик ракетага қадар бор.

4 дақиқа ўқиш1 174 кўришлар0 изоҳ10

2019-йилдан буён илк бор Хитой марказида қуролли кучларнинг йирик контингенти пайдо бўлди. Ўшанда мамлакат ташкил этилганининг 70 йиллиги нишонланган эди. Бу сафарги парадга Иккинчи Жаҳон урушида Япония империяси устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги сабаб бўлди. Унга қуролли кучларнинг турли бўғинларида хизмат қилувчи тахминан 45 минг аскар, 600 га яқин техникалар ҳамда самолётлар жалб этилди.

Мамлакат бир кун олдин мамлакат ШҲТ саммитига мезбонлик қилгани боис парадда хорижлик меҳмонлар кўп бўлди. Хитой расмийларининг маълум қилишича, жараённи 26 та давлат етакчилари кузатган. Бу эса Пекинга ўзининг тобора куч йиғаётган мушаклари билан мақтаниш, ҳарбий саноатнинг энг сўнгги ютуқларини кўрсатиш ва потенсиал харидорлар топиш имконини берди.

Хитойдаги парадни кузатиш учун Пекинда қолган дунё етакчилари
Фото: Синхуа
Парадни анъанага мувофиқ қуролли кучларнинг турли бўғинларига мансуб хизматчилар тантанавор марш билан бошлаб берди. Шундан сўнг Тянанмен майдони бўйлаб армиянинг асосий мобил платформаси ҳисобланган Донгфенг Менши зирҳли транспорт воситалари ҳаракатланди. Уларнинг ортидан эса Тypе 99 танклари эргашди.

Хитойнинг Донгфенг Менгши автомобиллари ҳамда Тйпе 99 танклари
Фото: Видеодан кадр

Янги ҳарбий техникаларни намойиш этиш учун параддан кўра қулайроқ жой йўқ. Бунга амал қилган хитойликлар Тйпе 100 танки ҳамда худди шу номдаги ўт очишни қўллаб-қувватлаш машинасини ҳам Пекин марказидан олиб ўтди. Тypе 100 нафақат Хитой, балки дунёда мавжуд барча танк намуналаридан фарқ қилади.

Боиси у янги авлодга мансуб бўлиб, экипаж минора остида ўтирмайди. Аскарлар хавфсизлигини таъминлаш учун улар алоҳида капсулага туширилган. Қолаверса, жанговар машина ракета зарбаларини қайтариш учун фаол ҳимоя тизими, экипажга жанг майдонини 360 даражада кузатиш имконини берувчи сенсорлар билан таъминланган.

 

Тypе 100 танки ҳамда унинг ўт очишни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган модели
Фото: CGTN

Тypе 100 нинг ўт очишни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган модели эса кичикроқ калибрдаги қурол ҳамда йўлдош дронга эга. Бироқ у ҳақда бошқа маълумот йўқ.

Дронлар ва унга қарши тизимлар

Хитой учувчисиз учиш қурилмалари ишлаб чиқариш ва янги лойиҳалар жорий қилиш бўйича жаҳон етакчиси ҳисобланади. Парадда у ўзининг самолёт-дрон гибрид учоқлари, бошқача айтганда, масофадан бошқариладиган қирувчиларини намойиш этди.

Авиация тилида уларни Лоял ингман (содиқ ҳамроҳ) деб аташади. Улар қирувчи самолётлар билан уйғунликда учиб, хавфли миссияларни бажариши мумкин. Қолаверса, қурол-яроғларнинг бир қисмини ўзи билан олиб учиб, учувчининг самолётига босимни камайтиради.

Хитойнинг Лоял ингман дронлари

Мазкур консепция янги бўлиб, қимматли кадр ҳисобланган учувчиларни асраш, жанговар имкониятларни ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. GJ-11,FH-97 каби моделлар шулар жумласидан. Аммо парадда намойиш этилган гибрид дронларнинг қолган учтаси янги бўлиб, улар ҳақида маълумот йўқ.

Мамлакат дронлар ишлаб чиқариш билан чекланиб қолгани йўқ. Хитойлик муҳандислар уларга қарши кураш тизимлари устида ҳам фаол меҳнат қилиб келади. Рўйхатдан паст баландликда, паст тезликда учадиган таҳдидлар учун энг камхарж ечим ҳисобланган лазер қуролларини ҳам топиш мумкин. О5-А10 Ласер Менгши шулар жумласидан. У Донгфенг Менгши базасига ўрнатилган бўлиб, нишонга 10 киловатт қувватни йўналтира олади.

О5-А10 Ласер Менгши

 Фото: Видеодан кадр

О5-А50 Laser HМVZ тизими эса дастлабки моделдан кучлироқ бўлиб, 50 киловаттлик лазер қуролига эга. Бу унга нафақат кичик дронларни, балки каттароқ учувчисиз аппаратларни ҳам уриб тушириш имконини беради. Аммо бу иккисининг жанговар имкониятларини LY-1 тизими билан таққослаб бўлмайди.

Мазкур тизим 8х8 платформасига асосланган бўлиб, юқори қувватли лазер қуролдан фойдаланади. Бироқ Хитой матбуотининг ёзишича, у аслида кемалар, жумладан авиаташувчиларда қўллашга мўлжалланган. Баъзи доираларда тизимни дунёнинг энг қудратли лазер қуроли деб аташади.

LY-1 лазер тизими 
Фото: Видеодан кадр


Тийиб турувчи куч

 

Хитой парад давомида ўзининг DF-17 ҳамда YJ-21 баллистик ракеталарини намойиш этди. Аммо улар конвенсионал қуроллар бўлгани сабаб асосий эътибор ядровий ракеталарга қаратилди. Мамлакат оммавий қирғин қуролларининг мазкур тури бўйича фақат АҚШ ва Россиядан ортда қолади. Бироқ ўртадаги фарқ шиддат билан қисқармоқда.DF-61 ва DF-5 мана шу сиёсат натижасидир.

Улардан биринчиси жамоатчилик эътиборига илк бор ҳавола қилинмоқда. DF-61 қитъалараро баллистик ракета тизими бўлиб, 16 ғилдиракли платформада ҳаракатланади. Шахталардан ишга туширилувчи ракеталардан фарқли, бу уни исталган нуқтага яшириш имконини беради.

DF-61 қитъалараро баллистик ракетаси
Фото: Аустралиан

DF-61 нинг техник хусусиятлари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ баъзи экспертлар фикрича, у DF-41 ракетасининг вориси бўлиб, 12-15 минг км масофага учиб бора олади. Бу Қўшма Штатларнинг қирғоқбўйи шаҳарларига хавф туғдиради.

DF-5 Дунфен оиласига мансуб ракеталарни ишлаб чиқишга орттирилган қимматбаҳо тажриба натижасидир. У 18-20 минг км жанговар радиусига эга. Бу дунёнинг исталган нуқтасига зарба бериш мумкин дегани. Ракета қаттиқ ёқилғида ишловчи двигател ёрдамида парвоз қилади.

Бироқ қитъалараро баллистик ракеталар ядровий ракеталарни ташишнинг ягона варианти эмас. Хитойликлар АJХ-002 сувости платформасига ҳам худди шу вазифани юкламоқчи. Бошқача айтганда, 20 метр узунликдаги ядровий торпеда портласа, тахминан 100 мегатонна қувватдаги портлаш ҳосил қилади. Солиштириш учун, Ҳиросимага ташланган атом бомба қуввати 20 килотонна эди.

 

XАJХ-002 сувости платформаси 
Парадни Хитой якунлаб берди. Хиан Ҳ-6 стратегик бомбардимончиси, КЖ-600 эрта огоҳлантириш ва ҳаво назорати самолёти, Ж-20 ҳамда Ж-35 “ бешинчи авлод қирувчилари Пекин устидан учиб ўтди. Маҳаллий ишлаб чиқарилган вертолётлар эса осмонда 80 белгисини ҳосил қилди.

Хитой Япония устидан жаҳон урушида қозонилган ғалабани нишонлаб, бутун дунёга, айниқса Ғарбга сигнал юборди. Мамлакат учун хорлик асри тугагани, энди Пекин рақобатчиларини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилиши ҳақида мужда берилди. Бу Қўшма Штатлар билан рақобат ҳали-бери тугамаслигига, балки кураш энди бошланганидан далолат қилади.

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар