Глобал ҳарбий харажатлар 2025 йилда 2,9 фоизга ошиб, 2,88 триллион долларга етди. Харажатлар кетма-кет 11 йил давомида ўсмоқда. Бу ҳақда Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) маълум қилди.
Мамлакатлар бир йил ичида қуролланишга жаҳон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 2,5 фоизини сарфлади, бу 2009 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Шунга қарамай харажатларнинг ўсиш суръати 2024 йилга нисбатан камайди, ўшанда у қарийб 10 фоизга етганди. Бунга АҚШ ҳарбий харажатларининг камайиши таъсир қилган. АҚШдан ташқари дунёнинг қолган қисмида жами харажатлар 9,2 фоизга ошган.
“Глобал ҳарбий харажатлари 2025 йилда яна ошди, чунки давлатлар урушлар, ноаниқлик ва геосиёсий инқирозларга кенг кўламли қуролланиш дастурлари билан жавоб қайтарди. Ҳозирги инқирозлар спектри, шунингдек, кўплаб давлатларнинг ҳарбий харажатлар бўйича узоқ муддатли мақсадларини ҳисобга олган ҳолда, бу ўсиш 2026 йилда ва ундан кейин ҳам давом этиши мумкин”, дея прогноз қилди ҳисобот ҳаммуаллифи, SIPRI’нинг ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш бўйича илмий ходими Сяо Лян.
Энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар
АҚШ (954 млрд) ва Хитой (336 млрд) ҳарбий харажатлар борасида етакчиликни давом эттирмоқда. Улардан кейинги ўринда Россия турибди — мамлакат ўз ҳарбий бюджетини 5,9 фоизга ошириб, 190 миллиард долларга (ЯИМнинг 7,5 фоизи) етказди. Бу Россиянинг умумий давлат харажатларидаги улуши 20 фоизга етганини англатади ва мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Москва харажатларни чеклаш мақсадида катта ҳажмдаги арзонроқ қурол тизимларини сотиб олишга ўтди. Масалан, Россиянинг дронлардан фойдаланиши кенгайди, бу эса самолётлар ва зирҳли техникалар каби қимматроқ ускуналарнинг олдинги йўқотишларини қисман қоплади.
Россия ҳужумларидан ҳимояланаётган Украина ҳарбий харажатлар ҳажми бўйича дунёда еттинчи ўринга кўтарилди. Мамлакат мудофаа учун 84,1 миллиард доллар сарфлади. Бу Украина ЯИМнинг 40 фоизини ва барча давлат харажатларининг 63 фоизини ташкил этиб, мутлақ тарихий максимумга айланди.
Германия харажатларни 24 фоизга ошириб (114 миллиард доллар), дунёда 4-ўринни эгаллади. 1990 йилдан бери биринчи марта Берлин қуролланишга ЯИМнинг 2,3 фоизини ажратмоқда. Европадаги умумий ҳарбий харажатлар 2025 йилда 14 фоизга ўсиб, 864 миллиард долларга етди. 2016 йилдан буён минтақа давлатларининг ҳарбий бюджетлари деярли икки баравар ошган, айнан Европа глобал қуролланиш ўсишининг асосий драйверига айланди.








