Озарбайжон фирибгарликда айбланиб қўлга олинган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 38 ёшли аёл фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган. Озарбайжонда ўтказилган тергов жараёнида унга нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган
Ўзбекистоннинг сўровидан сўнг Озарбайжон расмийлари ҳуқуқбузарни қайтаришга розилик билдирган. Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари ушланган аёлни махсус кузатув остида Ўзбекистон ваколатли органларига топширган.
Бундан аввал Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонлик Таиланд қироллигидан топилиб, депортация қилингани хабар қилинганди.
Шунингдек, турли жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган шахслар АҚШ ва Туркияда топилиб, Ўзбекистонга қайтарилганди.
Улар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қилмишларни содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз томонидан қидирувда бўлган.








