Daryo

Ўзбекистонда боғча ва мактаб директорлари маоши оширилади

Мактаб директори ва унинг ўринбосарларига 20 ва 10 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгиланади

1 дақиқа ўқиш18 506 кўришлар0 изоҳ0

Президент фармони билан Ўзбекистонда мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорлари иш ҳақи миқдорлари оширилади. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова хабар берди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Унинг билдиришича, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб

  • умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга,
  • ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилиб,
  • боғча директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.

Туман бўлимларида қўшимча штатлар ажратиляпти ва бу ўқувчилар билимини баҳолашни мониторинг қилиш, ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш вазифаларини амалга ошириш учун тегишли лавозимларни жорий этиш имконияти яратади.

Ҳудудий бўлинмалари ходимларининг кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш жорий этилмоқда (Вазирлик тизимидаги қарийб 15 минг нафар бошқарув ходимларига кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади).

Мактаб ходимлари мукофот пули миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача (амалда 50 фоизгача) миқдорида этиб белгиланмоқда.

“Яна бир муҳим ўзгариш — авваллари мактабларимизнинг бўш турган бинолари ижарасидан тушган маблағларнинг 40 фоизигина ўша мактабда қоларди. Эндиликда ушбу маблағларнинг 75 фоизи ўша мактаб ривожига сарфланади”, деди Ҳилола Умарова.

Вазирнинг қайд этишича, президент фармони туфайли Республикадаги 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча директорлари ҳамда 35 мингга яқин мактаб директор ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилишига эришилади.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар