Самарқанд шаҳрида жойлашган вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги кутубхонада ёнғин содир бўлди. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, 14 март куни соат 22:50 да Самарқанд шаҳри Шоҳруҳ Мирзо кўчасида жойлашган кутубхонада ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар берилган. 6 та ёнғин қутқарув экипажи жалб қилиниб, воқеа жойига соат 22:57 да етиб бориб, соат 23:55 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин натижасида бинонинг шифт ва том қисми қисман ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.
Ушбу ёнғин кутубхонанинг маъмурий биносида содир бўлган ҳамда кутубхонадаги китобларга ҳеч қандай зарар етмаган.
Сўнгги вақтларда содир бўлган ёнғинлар
2024 йилнинг 13 октябрь куни Юнусободда янги қурилаётган бинонинг томи ёниб кетганди. 16 октябрда эса Миробод туманида жойлашган “Миран” меҳмонхонасининг қурилиши давом этаётган эски биносида ёнғин чиқди.
Шунингдек, 20 октябрь куни соат 16:54 да Шайхонтоҳур туманидаги “Билдириш” тор кўчасида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлди.
Бундан ташқари, Олмазор тумани “Чинобод” МФЙ, Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган 5-уйдаги хонадонларнинг бирида 31 октябрь куни соат 02:13 да ёнғин содир бўлди.
20 ноябрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, “Лашкарбоши” МФЙ Ниёзбек йўли кўчасида жойлашган умумий овқатланиш жойининг дудбуронида ёнғин содир бўлди.
31 декабрь куни Чилонзор туманидаги овқат тайёрлаш жойида ёнғин содир бўлган эди.
2025 йил 25 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Авиасозлар 4-даҳасида жойлашган автомобиллар ювиш жойида ёнғин содир бўлганди.








