Daryo

Самарқанд вилоятидаги учта тарихий масжид бузиб ташлангани аниқланди

Яна бир масжид рухсатсиз таъмирлангани оқибатида ёдгорликларга жами 46,8 миллиард сўмлик зарар етказилган

1 дақиқа ўқиш9 516 кўришлар0 изоҳ0

Самарқанд вилоятидаги ХIX-ХХ асрларга оид 3 та тарихий масжид бинолари бузиб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бош прокуратура

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 3 та тарихий масжид бинолари бузиб ташланганидан ташқари, яна бир масжид тегишли рухсатсиз таъмирлангани оқибатида ёдгорликларга жами 46,8 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Кушоқ ота” масжиди бузилиб, ёдгорликка 19,6 миллиард сўм, Ургутдаги “Аҳмад Яссавий” ва “Ҳожи Ўринбой” масжидлари бузилиб, ёдгорликларга 17 миллиард сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Кулба” архитектура ёдгорлиги рухсатсиз таъмирлангани натижасида 10,2 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

2024 йил апрелида ҳам Бош прокуратура Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида архитектура ёдгорликларига зарар етказиш билан боғлиқ бир неча ҳолатлар аниқланганди. Тошкент шаҳридаги XVI асрга оид Абдулқосим Эшон мадрасаси архитектура ёдгорлиги ички қисмига ўзбошимчалик билан ҳожатхона қурилгани ва коммуникация тармоқлари ўтказилиши оқибатида 65,6 миллион сўм зарар етказилганди. Наманган шаҳридаги ХIX асрга оид “Сирли масжид” архитектура ёдгорлигининг қадимий ганчкор услубдаги кириш дарвозаси ва минораси тўлиқ бузиб ташланиши оқибатида ёдгорликка 554,4 миллион сўм зарар етганди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар