Daryo

Ўзбекистон Германия билан миграция битимини тасдиқлади

Ҳужжат Германия канцлери Олаф Шольцнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланганди

2 дақиқа ўқиш21 616 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битимни тасдиқлади.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Ҳужжат 2024 йил 15 сентябрь куни Самарқандда Германия канцлери Олаф Шольцнинг ташрифи доирасида имзоланганди. Битимга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташқи меҳнат миграцияси қисми бўйича, Ички ишлар вазирлиги эса реадмиссия қисми бўйича масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгиланди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Германия томонига тегишли билдиришнома юборади. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда унинг қоидалари амалга оширилиши устидан назоратни таъминлайди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, “Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида” ҳукуматлараро битим 25 та моддадан иборат бўлиб, томонлар ўртасида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришни кўзда тутади:

  • икки давлат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишни мақсад қилган малакали мутахассислар, шу жумладан, талабалар ва касбий таълим олаётган шахслар ҳамда журналистлар ва олимларнинг адолатли мобиллигини рағбатлантириш;
  • меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида вақтинча миграцияни рағбатлантириш ва соддалаштириш;
  • касбий таълим ва малака ошириш сабабига кўра, ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида давлатда узоқ муддат бўлишни рағбатлантириш;
  • ноқонуний миграция ва мигрантларни ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш;
  • меҳнат эксплуатацияси, мажбурий меҳнат ва одам савдоси олдини олиш ва уларга қарши курашиш ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш.

Ҳужжат, шунингдек, икки давлат ҳудудида яшаш ёки кириш шартларини бажармаган фуқароларни қайтаришни соддалаштиришни ҳам назарда тутади.

2024 йил сентябрида Германия Ички ишлар ва Ватан вазири Ненси Фезер миграция масаласида бир қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилганди. Битим доирасида немис иш берувчилари учун ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилишга тайёрлигини айтганди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар