Daryo

Фарғонада компьютер клубида жанжал кўтарган шахслар қамоққа олинди

Улар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин

1 дақиқа ўқиш26 015 кўришлар0 изоҳ0

Фарғона шаҳридаги компьютер клубида жанжал кўтарган шахслар ушланди. Жанжал акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Унда компьютер клубида ўтирган йигитлар шовқин қилгани, уларни тинчланишни сўраган клубнинг икки ходими эса калтаклангани акс этган.

Фото: Видеодан кадр

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, 21 февраль куни Фарғона шаҳар Офтоб кўчасида жойлашган компьютер ўйинлари клубида етти нафар танишлар ўзаро бақир-чақир қилиб компьютер ўйнагани учун клуб иш бошқарувчиси Ф.Худойназаров томонидан уларга эътироз билдирилган. Натижада ўзаро келишмовчилик сабабли фуқаро О.Валломов уни калтаклаган, жанжалга унинг шериклари ҳам қўшилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар О.Валломов, М.Қодиров ҳамда Н.Маҳмуджоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, уларнинг яна уч нафар шерикларига нисбатан маъмурий тартибда баённома расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат вилоят ИИБ томонидан назоратга олинган.

Жиноят кодексига кўра, безорилик жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистонда 2024 йилда 469 568 киши маъмурий жавобгарликка тортилган. Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик каби ҳуқуқбузарликлар бўлган. 2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 77 995 нафар шахсга нисбатан 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилган. Судланганлар сони 61 502 нафарни ташкил этиб, шундан 20 659 кишига озодликдан маҳрум қилиш ва 39 763 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 1 080 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. 

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар