Daryo

“Путин АҚШ билан катта келишув истамоқда” — боши берк кўчага кириб қолган Украинадаги уруш (таҳлил)

2022 йил февраль ойида бошида шиддат билан бошланган Украина уруши 2025 йилга келиб боши берк кўчага кириб қолди. Боз устига ҳам ҳарбий, ҳам молиявий томонлама Украинани дастаклаб келган Ғарб коалицияси – АҚШ ва Европа мамлакатлари ўртасида бўлиниш юз берди. Оқ уйга қайтган Дональд Трамп Украина можаросини қисқа фурсат ичида тўхтатишга интилаётган бўлса, Европа давлатлари бунинг аксини истамоқда. Хўш, 2025 йилда воқеалар ривожи қайси ўзанда кечади? Нега АҚШ урушни тўхтатиш, Европа эса давом эттириш тарафдори? “Дарё” ушбу саволлар юзасидан экспертлардан изоҳ олди

7 дақиқа ўқиш19 380 кўришлар0 изоҳ0

2022 йил февраль ойида бошида шиддат билан бошланган Украина уруши 2025 йилга келиб боши берк кўчага кириб қолди. Боз устига, ҳам ҳарбий, ҳам молиявий томонлама Украинани дастаклаб келган Ғарб коалицияси – АҚШ ва Европа мамлакатлари ўртасида бўлиниш юз берди. Оқ уйга қайтган Дональд Трамп Украина можаросини қисқа фурсат ичида тўхтатишга интилаётган бўлса, Европа давлатлари бунинг аксини истамоқда. Хўш, 2025 йилда воқеалар ривожи қайси ўзанда кечади? Нега АҚШ урушни тўхтатиш, Европа эса давом эттириш тарафдори? “Дарё” ушбу саволлар юзасидан экспертлардан изоҳ олди.

АҚШ нега урушни тўхтатмоқчи?

Украинадаги уруш бугунги халқаро сиёсатнинг энг долзарб ва мураккаб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу можаро нафақат Украина учун, балки глобал кучлар ўртасидаги стратегик мувозанатни белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

АҚШ ва Европа иттифоқи (ЕИ) Украинага ёрдам кўрсатишда ўзларининг фаол иштирокини намоён қилишган бўлса-да, улар бу борада баъзан бир-биридан фарқли ёндашув ва позицияларга эга бўлишмоқда. Бу фарқларнинг келиб чиқишига геосиёсий, иқтисодий ва ички сиёсий омиллар таъсир кўрсатмоқда.

2024 декабрь ойида эълон қилинган маълумотларга кўра, 2022 йил февраль ойида Россия қўшинларининг Украинага бостириб кирганидан буён АҚШ Киевга 175 миллиард доллар, шу жумладан, хавфсизлик соҳасида ёрдам учун қарийб – 61,4 миллиард доллар йўналтирган.

Юқоридаги рақамлардан келиб чиқиб, АҚШни Украинага ёрдам кўрсатаётган энг катта “донор давлат” деб аташ мумкин. Бироқ Оқ уйга қайта раҳбар бўлган Дональд Трамп Украинага ёрдамни кескин қисқартириш, шу билан бирга урушни музлатишни режа қилмоқда.

Украинадаги уруш ҳолати. Иллюстрация 
Фото: nbcnews.com

Бир неча кун олдин Трамп ўзининг Украина ва Россия масалалари бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогга Россия–Украина урушини 100 кун ичида тугатишни топширди.

“Кўпчилик инсонлар АҚШнинг Украина уруши борасидаги позициясига “Америкадаги ижтимоий вазият таъсир кўрсатди”, деб ўйламоқда. Лекин мен Қўшма Штатларда ҳокимият алмашинуви – Украина урушига катта таъсир кўрсатди деб ҳисоблайман. Ҳозир мамлакат парламентининг қуйи палатаси ва сенатда республикачилар партияси устунликка эга. Бу Трампга ўз қарорларини амалга оширишда устунлик беради.

Трамп учун энг асосий хавф – Россия эмас, балки Хитой ҳисобланади. У Осиё-Тинч океанида Американинг устунлигини сақлаб қолиш ва шу орқали Хитойни тийиб туришни хоҳламоқда. Бу эса ҳарбий-моддий ресурсларни минтақага сафарбар этишни талаб қилади.

Шу боис ҳозир давом этаётган Украина ва Яқин Шарқдаги можаролар тугаши – АҚШ манфаатларига тўғри келади. Чунки бу урушлар учун Америка катта ҳажмда ресурс сарфламоқда”, дейди “Дарё” билан суҳбатлашган сиёсатшунос Жаҳонгир Акрамов.

Дональд Трамп ўзининг Украина ва Россия масалалари бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлог билан
Фото: WSJ

Европа мамлакатларининг позицияси

Европа иттифоқи мамлакатлари географик жиҳатдан можаро ҳудудига яқинроқ бўлгани ва келажакда ўзининг ҳудудий хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ позициясидан қатъи назар, Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирмоқда.

2024 йил давомида Европа иттифоқи Украинага ҳарбий эҳтиёжлар учун 42 миллиард евро ажратган бўлиб, 2022 йилдан бери умумий ёрдам миқдори – 110 миллиард еврога етган.

АҚШ Украинага ёрдам беришда НАТО доирасидаги етакчи куч ҳисобланади. Вашингтон Украинага ҳарбий техникани етказиб беришда етакчилик қилаётгани билан бирга бошқа НАТО давлатларини ҳам ёрдамни кучайтиришга чақириб келган. Бироқ Европа давлатларининг ҳарбий салоҳияти ва НАТОдаги ҳиссаси АҚШникига қараганда анча пастроқ.

Мисол учун, Франция ва Германия каби давлатлар Украинага қурол-яроғ етказиб беришда сустроқ ҳаракат қилмоқда. Чунки бу ҳаракатларнинг Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкинлиги уларни хавотирга солади. Жумладан, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 2028 йилга келиб Россия ЕИ давлатларидан бирига қарши ҳарбий тажовузни бошлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Picture background
Кая Каллас
Фото: Bloomberg.com

Каллас “Украина Россия босқинига қарши курашаётгани туфайли” Европа вақтдан ютаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ЕИнинг энг муҳим вазифаси Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришдир.

Шунингдек, Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари иттифоқ мамлакатларини мудофаа соҳасига инвестицияларни кўпайтиришга, шу билан қаторда нафақат урушнинг олдини олиш, балки унга тайёргарлик кўриш учун ҳам маблағ сарфлашга чақирган.

“Дарё” журналисти билан суҳбатлашган яна бир сиёсатшунос Мухтор Назировнинг фикрига кўра, урушни якунлаш учун АҚШда ҳарбий ресурс мавжуд, лекин ЕИ давлатларида бундай потенциал йўқ. Шунинг учун Европа мамлакатлари Украинани ҳарбий томондан қўллаб-қувватлаш учун янги режаларни ишлаб чиқмоқда.

“Ҳозир шундай позиция билдириляптики, агар Европа Украинани қурол-яроғ билан таъминлаб бера олмаса, ҳарбий харажатларни молиявий жиҳатдан таъминлаш масаласи кўтарилмоқда. Яъни Европа Украина учун ўз ҳисобидан АҚШдан қурол ва техника сотиб олиб, уни Украинага тақдим этади”, дейди у.

Украина қуролли кучлари
Фото: Bloomberg

Тинчликпарвар кучлар масаласи

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТО бош котиби Марк Рютте 3 февраль куни норасмий учрашувда Украинага тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масаласини муҳокама қилди.

Ҳозирча бу ғояни Болтиқбўйи давлатлари (Эстония, Литва ва Латвия) бир овоздан қўллаб-қувватлади. Польша ўз қўшинларини юборишни истисно қилди. Германия канцлери Олаф Шольц эса бу ғояга кескин қарши чиқди. Аммо Германия канцлерлигига асосий номзод Фридрих Мерс Киевни қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса-да, Украинада немис қўшинларини жойлаштириш ғоясини очиқча қўллаб-қувватламади.

Буюк Британия, Франция ва Нидерландия 40 минг нафаргача ҳарбий хизматчидан иборат контингентни шакллантириш жараёнини бошқариши мумкин. Украина президенти Владимир Зеленский Bloomberg нашрига берган интервьюсида агар мамлакатга тинчликпарвар кучлар жойлаштириладиган бўлса, улар таркибида, албатта, Америка қўшинлари ҳам бўлиши шарт эканлигини айтди.

Мухтор Назировнинг фикрича, бир қанча Ғарб мамлакатлари Украинага тинчликпарвар кучларни жойлаштиришга бир оз иккиланмоқда. Боиси бу Россия учун ядро урушини бошлашга баҳона бўлиши мумкин.

“Бу масалада скептик ёндашувга эга бўлган давлатлар ҳам бор. Украина сулҳ келишувига эришилгудек бўлса, ўзи учун хавфсизлик кафолати сифатида – тинчликпарвар кучларни кўрмоқда. Уларнинг сони энг камида 200 минг аскардан иборат бўлишини сўрамоқда. Лекин шунча аскар юборишга Ғарбий Европа мамлакатлари розими? Шу савол очиқ қолаётир.

Бундан ташқари, бу ерда Америка ҳарбийлари ҳам бўлиши керак. Бироқ АҚШ аскарлари урушга аралашса, можаро янада чигаллашиб кетиши мумкин.

Шунингдек, Европа мамлакатларини Путиннинг ядро риторикаси қўрқитмоқда. Чунки тинчликпарвар кучларни Украинага жойлаштириш – урушни тўхтатмаслиги ҳам мумкин. Ва ундан кейинги қадам ядро урушига олиб боради. Ғарб мамлакатлари мана шундан чўчимоқда”, дея қайд этади сиёсатшунос.

Иқтисодий шарҳловчи Шуҳрат Расулнинг Россия Украинада тинчликпарвар кучларни жойлаштирилишига қарши эмас деган фикрда. Кремль талқинига кўра, бу кучлар фақат Беларусь, Хитой ва Бразилия ҳарбийларидан таркиб топган бўлиши лозим.

“Бу хабар Россия ва Европанинг бир қанча нашрларида эълон қилинди. Россия Украинага Беларусь, Хитой ва Бразилия кучларидан иборат, 30 минг кишилик тинчликпарвар кучлар жойлаштирилишига розилик билдирди. Москва бу кучлар енгил зирҳли машина ва автоматлар билан қуролланган бўлиши кераклигини айтмоқда. НАТО контингентидан таркиб топган тинчликпарвар кучларга эса Россия мутлақо қарши чиқмоқда.

Украина тинчликпарвар кучлар таркибида АҚШ қўшинлари бўлиши талаб қилмоқда. Бироқ Дональд Трамп сайлов олди дастурларида Украинага Америка ҳарбийлари бормаслигига сўз берган. Агар Трампга бу масала тагида ётган иқтисодий манфаатлар кўрсатилса, у ўйлаб кўриши мумкин. Чунки ҳозир Европа мамлакатларида Қўшма Штатларнинг 100 минг кишилик контингенти жойлашган. Трамп бу ҳарбийларни АҚШга қайтармоқчи”, деб шарҳлади у.

Украина кучлари. Иллюстрация 
Фото: yahoo.com

Сулҳ тузиладими?

Украина Россия билан музокара столига ўтириш учун Вашингтондан хавфсизлик борасида кафолат сўрамоқда. Шунингдек, Украина 1991 йилги чегараларга олиб чиқишни назарда тутувчи “Тинчлик формуласи”ни амалга оширишни талаб қилмоқда.

Гап 2014 ва 2022 йилларда Россия томонидан у ерда ўтказилган “референдумлар” ва Украинанинг Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ноқонуний аннексия қилингани ҳақида кетмоқда. Бироқ Москва “тинчлик формуласи” асосида музокаралар олиб боришни мутлақо инкор этган.

Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича ўз шартларини эълон қилди. Унга кўра, Украина қўшинлари ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқилиши, ушбу тўртта ҳудуд ва Қрим гўёки халқаро миқёсда Россиянинг бир қисми сифатида тан олиниши, Украина НАТОга аъзо бўлиш истагидан воз кечиши ва Россияга қарши қўлланилаётган санкциялар олиб ташланиши лозим. Аммо Украина бу шартларни “ишониб бўлмайдиган” ультиматум деб атаган.

Picture background
Фронт чизиқлари
Фото: dzen.ru

“Россия кўзлаган асосий мақсад – Украина эмас! Путин ва унинг ғоядошларида насталгия руҳияти мавжуд. Шунинг учун Кремль худди 1945 йилдагига ўхшаб АҚШ билан бирга Европани ўзаро таъсир доираларига бўлиб олмоқчи.

Мисол учун, Трамп ҳокимиятга қайтгач Путин Америка билан тенг шартлар асосида музокара олиб боришини эълон қилди. Яъни Россия Шарқий Европани қайта ўз таъсир доирасига қайтармоқчи.

Путин учун энг қўрқинчли масала – келажакда қўлга киритилган ҳудудларнинг тақдири. У ўз меросини йўқ бўлиб кетишидан қўрқади. Ҳозир Россия куч билан ушлаб турилибди.

Агар Путин шахсияти иқтидордан кетса, келажакда Халқаро ҳуқуқ тартибига кўра, Қрим, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари Украинага қайтарилиб берилиши мумкин. Путин бунинг олдини олиш учун Ғарб билан катта келишув истамоқда”, дея хулоса қилди Жаҳонгир Акрамов.

Украина урушининг тақдири – АҚШнинг янги раҳбари Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги бўлажак учрашувга кўп жиҳатдан боғланмоқда. Лекин Трамп Путин билан қандай савдолашади, бу жавоби мавҳум савол бўлиб қолмоқда.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар