Daryo

Дарз кетган Ғарб коллективи. Трамп дунёни қандай ўзгартирмоқчи?

Дунё сиёсий саҳнасида ҳар бир лидер ўз даврининг муҳим ўзгаришларини белгилаб беради. АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳокимиятга келиши глобал тартиботга сезиларли таъсир кўрсатди ва Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги Трансатлантик иттифоқ (Европа ва АҚШ ҳамкорлиги) парчаланди. Айниқса, Трампнинг Россия президентига қўнғироқ қилиши ва бир ярим соат давомида мулоқот олиб бориши, глобал мувозанатга жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шу боисдан Америка президентининг яқин истиқболда дунё тартиботининг қайта шаклланишида қандай рол ўйнаши ҳамда унинг узоқ муддатли оқибатлари қандай бўлиши ҳақида таҳлилий фикр юритиш муҳимдир. “Дарё” ушбу мавзуда сиёсатшунос Мухтор Назиров ва иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди

7 дақиқа ўқиш41 616 кўришлар0 изоҳ0

Дунё сиёсий саҳнасида ҳар бир лидер ўз даврининг муҳим ўзгаришларини белгилаб беради. АҚШ президенти Дональд Трампнинг ҳокимиятга келиши глобал тартиботга сезиларли таъсир кўрсатди ва Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европадаги трансатлантик иттифоқ (Европа ва АҚШ ҳамкорлиги) парчаланди. Айниқса, Трампнинг Россия президентига қўнғироқ қилиши ва у бир ярим соат давомида мулоқот олиб бориши, глобал мувозанатга жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шу боисдан Америка президентининг яқин истиқболда дунё тартиботининг қайта шаклланишида қандай рол ўйнаши ҳамда унинг узоқ муддатли оқибатлари қандай бўлиши ҳақида таҳлилий фикр юритиш муҳимдир. “Дарё” ушбу мавзуда сиёсатшунос Мухтор Назиров ва иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.

Сардор Али, журналист:

— АҚШ президенти Дональд Трамп ҳокимиятга келгач, бир қатор кутилмаган қарорлар қабул қилди ва бу билан мавжуд дунё тартиботига кучли таъсир ўтказмоқда. Трампнинг хаёлидаги янги дунё тартиботи қандай ва у ташқи сиёсатда қайси омилларга таянган ҳолда сиёсат юритмоқчи?

Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи

— Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945)дан кейинги даврда АҚШ ва Европа мамлакатлари ҳамкорлик асосида бир бўлиб, дунёдаги чақириқларга биргаликда жавоб берарди. Ҳатто, “коллектив Ғарб” деган атама ҳам пайдо бўлган эди. Ҳозир “коллектив Ғарб” ғояси дарс кетиб, бўлиниб кетди. Энди биз алоҳида Америка ва алоҳида Европа деб айтишимиз керак. Чунки жуда кўплаб масалаларда, жумладан Украина-Россия уруши борасида АҚШ ва Европа иттифоқининг фикрларида катта фарқлар кўринмоқда.

Истиқболда дунё тартиботи қандай бўлади? Мени бу борада иккита тахминим бор. Биринчиси, Дональд Трамп Американинг иқтисодий ва ҳарбий қудратидан келиб чиқиб, Европада АҚШнинг олдинги ўрнини қайта тиклаши мумкин. Боиси бугунги кунда Россия уруш туфайли ўзининг иқтисодий ва ҳарбий потенциалини йўқотди. Европа иттифоқи ҳам қайсидир маънода заифлашди.

Иккинчиси эса Европа иттифоқи ўзининг сурбетликлигини мустаҳкамлайди. Ҳозир Европадаги айрим давлат раҳбарлари “биз ўз кунимизни ўзимиз кўришимиз керак, ўзимизнинг армиямиз бўлиши ва Украинанинг ёнида доим туришимиз зарур” деб айтмоқда.

Шуҳрат Расул, иқтисодий таҳлилчи
Фото: “Дарё”

Мухтор Назиров, сиёсатшунос

— Аслида дунё 90 йиллардан бери янги тартибот кутарди. Янги тартиб шаклланишидаги ўтиш даври жуда чўзилиб кетди. Чунки кучлар ўртасида мувозанат шаклланмади. 2000 йиллардан кейин Ғарб ўзининг технологик устунлигига асосланиб, бир қутбли дунёни қуришга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо бу жараён 10 йил давом этди.

Сўнгги вақтларда шаклланаётган жараён ўта прагматик. Ҳозир ноаниқ дунё тартиботида глобал қудрат эгалари яшаб қолиш учун ўзаро кураш олиб бориб, ўз манфаатларидан келиб чиқиб муносабат ўрнатмоқда.

Агар Дональд Трамп нуқтайи назаридан қарасак, дунёда қудратли мамлакатлар ва табиий ресурсга бой давлатлар мавжуд. Трамп учун табиий ресурс берадиган давлатлар иккинчи ўринда. У қудратли давлатлар ўзаро тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориб, ўзининг таъсир ҳудудларини белгилаши керак деб ҳисоблайди. Буни худди “Совуқ уруш 2.0” деб аташ мумкин.

Бундан ташқари, Дональд Трамп институтлар билан эмас, балки кўпроқ шахслар билан мулоқот қилишга кўниккан. Бу дунёдаги халқаро институтларнинг маълум маънода инқирозини билдиради.

Ўз навбатида, Америка Трампнинг хоҳиши билан айрим халқаро институтлар чиқиб кетиши мумкин. Масалан, ҳозир АҚШ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиб кетмоқчи.

Умуман, Дональд Трамп дунё тартиботини ўзининг хоҳиш-иродасига мослаштиришига 4 йил муддат етмаса керак. Мен Трампни қайсидир маънода Россия президенти Владимир Путинга ўхшатаман. Чунки таҳлилчилар Россияга нисбатан “Путин Россияси” деган атамани ишлатади. Мен АҚШни “Трамп Америкаси” деб атаган бўлардим ва у ўз манфаатлари учун агрессив ҳаракат қилишдан ҳам тап тортмаяпти.

Мухтор Назиров, сиёсатшунос
Фото: “Дарё”

Шуҳрат Расул:

— АҚШ иқтисодий манфаатларга урғу бермоқда. Ҳозир Америка Европа иттифоқидан келадиган пўлат ва алюминий маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий қилмоқчи. Албатта, Европа иттифоқи ҳам бунга ўзига хос тарзда жавоб қайтара олади. Агар шундай бўлса, Америка ва Европа иттифоқи ўртасида савдо уруши бошланиб кетиши мумкин.

Февраль ойининг охирида Саудия Арабистонида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин ўртасида ўзаро учрашув бўлиб ўтади. Айни шу учрашувдан кейин биз дунё қандай ўйин қоидалари жорий этилишини билиб олишимиз мумкин.

— Ҳозирда АҚШ Европа иттифоқини ёлғиз қолдирмоқчи. Америка Европа иттифоқисиз Хитойга қарши қандай курашади?

Шуҳрат Расул:

— Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг Хитой борасида гап-сўзлари ўзгариб қолди. У Хитой Америкага бож жорий қилмаса, АҚШ ҳам Хитойга божларни эълон қилмаслигини билдирди. Икки давлат ўртасидаги энг муҳим тортишув бу — Тайван масаласи.

Шахсан мен АҚШ ва Хитой ўртасида яна савдо уруши келиб чиқишига ишонмайман. Агар Хитой бир қанча масалаларда Америкага ён берса, савдо уруши бўлмайди. Чунки дунёдаги энг катта савдо айланмаси АҚШ ва Хитой ўртасида. Яъни қанчалик АҚШ Хитойга керак бўлса, Хитой ҳам шунчалик Америкага керак. Иқтисод тилида буни “эгизак иқтисод” деб аталади.

Суҳбат давомида
Фото: “Дарё”

Мухтор Назиров:

—АҚШ Трансатлантик иттифоқсиз яккаланиб қолади. Бу унинг нозик нуқтаси бўлиши мумкин. Дастлаб Хитой маҳсулотларига қарши Дональд Трамп ўзининг биринчи президентлик даври (2017-2021)да жорий қилган эди. Кейинги президент Жо Байден (2021-2025) бу сиёсатни давом эттирди ва бу Американинг ташқи сиёсатдаги ўзига хос анъанасига айланди.

Бундан ташқари, Жо Байден маъмурият аксил Хитой сиёсатида Ғарбнинг бир қанча мамлакатларини ҳам жалб қила олганди. Яъни Европа бозорида ҳам Хитой маҳсулотларига чекловлар жорий қилиш бошланган эди. Шу нуқтаи назардан Европа Американинг нозик нуқтаси бўлиши мумкин.

Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин Қўшма Штатларга ташриф билан бораётган давлат лидерларига қарасак, яқин истиқболда Осиё Тинч океани АҚШ ва Хитой ўртасидаги асосий геосиёсий рақобат нуқтаси бўлиши мумкин. Табиийки, Америка учун бу минтақада яқин ҳамкорлар бўлиши муҳим ҳисобланади. Шунинг учун ҳам АҚШ Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамламоқда.

2021 йилда Дональд Трамп АУКУС (Австралия, Буюк Британия ва АҚШ) ўртасидаги ҳарбий-ҳамкорлик альянсини яратган эди. Ҳозир таҳлилчилар айни шу англо-саксон бирлигини қайта тиклаш кучайганини билдирмоқда. Назаримда, Америка Хитой билан бўладиган бўлажак курашда Трансатлантик иттифоқ (яъни Европа иттифоқи) билан эмас, балки англо-саксон иттифоқи тузиш орқали кураш олиб бориши мумкин.

Трансатлантик иттифоқ

— Агрессор ва босим ўтказишни сиёсий инструмент қилиб олган лидерлар даврида, эндигина ривожланишга қадам қўяётган Марказий Осиё республикалари қандай йўл тутиши керак?

Мухтор Назиров:

— Айни вақтда йирик давлатларнинг манфаатлар тўқнашуви – Яқин Шарқ, Осиё тинч океани ва Европа минтақасида бўлиб турибди. Украина уруши фонида минтақа давлатлари Россияга санкцияларни айланиб ўтиш учун кўмаклашмоқда. Ҳозир агрессив реализм даври, бу даврда минтақа мамлакатлари ўзаро интеграцияни кучайтириши зарур. Ва мамлакатлар “C5+1” форматини иложи борича очиқроқ форматга ўтказиб, Россия, Хитой ва АҚШ Марказий Осиёдан нима хоҳлашини ойдинлаштириб олиши лозим.

Минтақа учун энг катта хавф – йирик давлатлар ўртасида геосиёсий рақобат маркази бўлиб қолиш. Бу минтақанинг тинчлигига энг катта хавфдир!

Шуҳрат Расул:

— Ҳозир Марказий Осиё давлатлари билан энг катта савдо ҳамкорлик қилаётган давлат бу — Хитой. Чин юрти минтақа давлатларини ўзига иқтисодий ҳамкор сифатида кўрмоқда. Шунинг учун мен Хитойни Марказий Осиёга агрессив сиёсат юритишига ишонмайман.

Марказий Осиё мамлакатлари учун иккинчи энг йирик ҳамкор давлат бу — Россия. Минтақа давлатлари, айниқса, Қозоғистон Россиядан эҳтиёт бўлиши керак. Рус пропагандаси Қозоғистонга бир эмас, бир неча бор жиддий тошлар отмоқда.

делегации России и США
АҚШ делегацияси ва Россия томонининг учрашуви
Фото: ТАСС

Бундан ташқари, Путин бошқа собиқ Совет республикалари билан ҳам ҳисоб-китоб қилмоқчи. Булар; Озарбайжон ва Арманистон. Чунки Арманистон Россия бош бўлган иккита йирик – Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШТ) ва Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЕИҲТ)дан чиқиб кетмоқда. Бу табиийки Россияни дарғазаб қилади. Озарбайжон ва Россия муносабатлари эса кундан кунга ёмонлашмоқда.

Шунингдек, Марко Рубио АҚШ давлат котиби лавозимига тайинланганидан кейин Марказий Осиё мамлакатларидан “Жексон-Веник тузатиши” (АҚШ Конгресси томонидан 1974 йилда қабул қилинган савдо чекловлари тўғрисидаги қонун бўлиб, у асосан собиқ Совет иттифоқи ва бошқа коммунистик давлатларга нисбатан қўлланилган – таҳр.) олиб ташлашни маълум қилди. Бу жуда яхши сигнал. Бу АҚШ яқин орада минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни ўрнатишини билдиради.

Агар Россия Украинадаги урушни якунлагач, биринчи навбатда Арманистон ва Озарбайжон билан ҳисоб-китоб қилиши мумкин. Лекин Арманистон ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри чегара мавжуд эмас. Шунинг учун катта эҳтимол билан Россиянинг кейинги нишони – Озарбайжон,

Бу Марказий Осиё давлатлари учун яхши эмас. Чунки минтақа мамлакатлари Туркий давлат ташкилоти доирасида Озарбайжон билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, яқин Ўзбекистон-Туркия-Озарбайжон ўртасида Анқара декларацияси имзоланган.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар