Daryo

Эрон ва Ўзбекистон савдо ҳажмини 10 баробар оширмоқчи

Томонлар имтиёзли савдо келишувига эришди, айрим товарларга савдо тарифлари пасайтирилади

1 дақиқа ўқиш8 035 кўришлар0 изоҳ0

Эрон ва Ўзбекистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 баробарга ошириш мақсадида имтиёзли савдо билан шуғулланиш бўйича дастлабки келишувларга эришди. Бу ҳақда Меҳр агентлиги хабар берди.

Фото: caribbeantradelaw.com

Келишувлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг ўтган ҳафта Теҳронга ташрифи чоғида эришилган.

Имтиёзли савдо келишувининг имзоланиши Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдони ҳозирги атиги 0,5 миллиард доллардан йилига 5 миллиард долларгача ошириш имконини беради, дейди Эрон Савдони ривожлантириш ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Акбар Годари.

У икки давлат Эрондан экспорт қилинадиган айрим товар ва маҳсулотлар, жумладан, поезд вагонлари, электр энергияси ишлаб чиқариш турбиналари, пўлат ва нефть-кимё маҳсулотлари учун савдо тарифларини пасайтиришга келишиб олганини айтди.

Эрон Ғарб бозорларига киришини чеклайдиган санкциялар туфайли минтақа ва иттифоқчи давлатлар билан савдо ҳажмини ошириш устида ишламоқда. Мамлакат аллақачон Россия бошчилигидаги Евросиё иқтисодиёти блоки, шунингдек, Покистон ва Индонезия каби давлатлар билан имтиёзли савдо шартномаларини имзолаган.

Бироқ, Теҳрон Марказий Осиёдаги бозорга осонроқ киришни мақсад қилмоқда. Минтақадаги давлатлар эса шарқ-ғарб ва шимол-жануб транспорт коридорларида савдо қилишдан фойда олишга интилмоқда. Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, Марказий Осиё билан савдо дарвозаси ҳисобланган Туркманистонга ва ундан Эрон орқали ўтадиган юк транзити сезиларли даражада кўпайган.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат ҳисобланади. Мамлакат Эрон билан яқин маданий ва тарихий алоқаларга эга бўлгани боис, Эрон тадбиркорлари учун Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан савдо алоқаларини йўлга қўйиш осонроқ кечади, дейилади хабарда.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар