Қурилиш инспекция буюртмачи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан қурилаётган Мурунтов 500/220 кw подстанциясининг қурилиш жараёнини ўрганилди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Айтилишича, объектнинг тармоқ кабеллари учун қуйилган қуйма темир бетон ишлари сифатсиз бажарилганлиги ва қурилиш материалларининг сертификатлари назорат даври мобайнида тўлиқ юритилмагани маълум бўлган.
Ушбу қоидабузарликлар бўйича буюртмачи-пудрат ташкилотининг техник ва ички назоратчиларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Қўшимча қилинишича, лойиҳа талаблари асосида бажарилмаган бетон ишлари буздирилган.
Аввалроқ Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳудудида қурилаётган 400 ўринли талабалар турар жой биноси сифатсиз қурилаётгани сабаб, қурилиши тўхтатиб қўйилгани хабар қилинган эди. Самарқандда янги қурилаётган мактабнинг сифатсиз деворлари буздирилганди.








