Daryo

Россия Украинага Беларусь ҳудудидан камикадзе дронлар билан зарба берди

25 октябрь куни эрталаб Киев шаҳри ва вилоятида ҳаво тревогаси эълон қилинди

2 дақиқа ўқиш33 424 кўришлар0 изоҳ0
Foto: UNIAN

25 октябрь куни эрталаб Киев шаҳри ва вилоятида ҳаво тревогаси эълон қилинди. Украина Ҳаво кучлари хабар беришича, Россия Беларусь ҳудудидан Shahed камикадзе дронларини учирган.

Фото: УНИАН

Ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнат сўзларига кўра, Россия Эронда ишлаб чиқарилган ўнта учувчисиз учар қурилмаларни учирган. «Улар Киевга айнан Беларусь йўналишида биринчи марта ҳужум қилаётгани йўқ, — деди у. — Улар Днепр ўзани бўйлаб учиб келмоқда».

Игнатнинг қўшимча қилишича, кундуз куни дронларни уриб тушириш осонроқ, чунки нишонлар аниқроқ кўринади.

Аввалроқ Британия Мудофаа вазирлиги Украина Россия томонидан учирилаётган Эрон дронларини уриб туширишда тобора кўпроқ муваффақият қозонаётганини маълум қилганди.

Эрон дронлари атрофидаги можаро

The Washington Post нашри даъво қилишича, Россия Федерацияси, гўёки, Эрон билан қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида янги келишувлар имзолаган, улар доирасида Россия қўшинлари биринчи марта «ер-ер» синфидаги Эрон баллистик ракеталари ва учувчисиз учар қурилмалар партиясини қабул қилиб олади.

Август ойида Эрон Россияга жанговар дронларнинг биринчи партиясини юборгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

Сентябрь ойида Россия кучлари Украинанинг орқа шаҳарларига ҳужум қилиш учун Shahed-136 камикадзе-дронларидан оммавий равишда фойдаланишни бошлаган.

20 октябрь куни Евроиттифоқ Эроннинг дрон ишлаб чиқарувчи Shahed компаниясига қарши санкциялар киритди.

Россиянинг БМТдаги миссияси Ғарб мамлакатлари маълумотларини дезинформация кампанияси ҳамда Москва ва Теҳронга босим ўтказиш учун тўқиб чиқарилган баҳона деб атади. Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амид Саид Ираваний ҳам дронлар етказиб берилаётгани ҳақидаги айбловлар асоссиз эканини айтганди.

Беларуснинг Россия-Украина низосига муносабати

Россия Украинада 24 февралдан буён махсус операция олиб бормоқда. Лукашенко Беларусь низода қатнашмаётганини ва қатнашишни режалаштирмаётганини бир неча марта таъкидлаган. «Тағин мени қандайдир ҳужумни режалаштиряпти, Украинани Беларусь ҳудудидан бомбардимон қилмоқчи деб ўйламанг. Сизнинг ва менинг фарзандларимиз жанг қилишини ҳеч ҳам истамайман. Улар нимани деб жанг қилиши керак?» — деган эди у августда.

Сентябрда Лукашенко Беларусь ўз ҳудуди орқали Россия армиясига яширинча зарба берилишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Кейинроқ эса у Беларусь ҳеч кимга ҳужум қилмаганини ва ҳужум қилмаслигини айтди ва Украинада қон тўкилишини тўхтатиш учун ҳамма чорани кўришга ваъда берди.

Кейинроқ Александр Лукашенко Беларусь Россия Украинага қарши олиб бораётган «махсус ҳарбий операция»да қатнашаётганини, аммо ўз ҳарбийларини зиддият ҳудудига юбормаётганини айтди. «Украинадаги махсус ҳарбий операциядаги иштирокимизга келсак, биз унда қатнашяпмиз. Буни яширмаяпмиз. Лекин биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз. Ўз ҳарбийларимизни ҳеч қаерга юбормаяпмиз. Биз ўз мажбуриятларимизни бузмаяпмиз», — деди Лукашенко.

10 октябрь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан «Иттифоқ давлати ғарбий чегараларидаги кескинлик сабабли» минтақавий қўшинлар гуруҳини кучайтириш ҳақида келишиб олганини маълум қилди.

15 октябрь куни эса минтақавий қўшин гуруҳларининг россиялик ҳарбийлардан иборат дастлабки эшелонлари Беларусга етиб келди. Мавзуга доир:
Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар