Daryo

Шавкат Мирзиёев 3 мингдан ортиқ маҳаллалар аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун 75 километргача йўл босишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирди

Шунингдек, давлат раҳбари кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолаётганини танқид қилди

2 дақиқа ўқиш20 098 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Prezident matbuot xizmati

Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтаётгани тўғрисида хабар берилганди. «Дарё» мухбирининг маълум қилишича, президент ушбу очиқ мулоқотга ҳудудлардан келиб тушган мурожаатлар ҳақида гапирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мурожаатларнинг 8 400 таси ёки 32 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб, бугунги «очиқ мулоқот»га қадар уларнинг 90 фоизи ҳал қилинган.

«Қолганлари ҳам, қисқа муддатларда ўз ечимини топади. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ва аҳолимиз томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 68 фоизи (17 мингта) тизимли масалалар ҳисобланади», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев мурожаатларда қайд этилган асосий муаммоларни санаб ўтган. Булар:
  • айрим тиббиёт муассасалари аҳоли учун узоқ ва ноқулай жойлашган. Уч мингдан ортиқ маҳалла аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун, 10 километрдан 75 километргача йўл босишга мажбур бўлмоқда;
  • тиббий хизматлар аҳоли эҳтиёжига, ҳудудлардаги одамларнинг турмуш тарзига, маълум бир касалликларнинг кўпайишига қараб, белгиланмаган. Масалан, Қашқадарёда юрак-қон томир касалликлари биринчи ўринда бўлиб (410 минг кишида касалликлар аниқланган), ҳар йили камида 10 фоизга ошмоқда. Лекин кардиологлар штати ва шифохона ўринлари сони сўнгги 20 йилда ўзгармасдан келмоқда;
  • бирламчи бўғинда 70 фоиз тиббий асбоб-ускуналар эскиргани туфайли, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолмоқда;
  • шифокорларнинг ойлик маоши иш натижасига қараб эмас, лавозим тариф сеткасига кўра белгиланган;
  • таълим ва амалиёт бир-биридан узилиб қолган, тиббиёт олийгоҳларида битирувчиларнинг аксариятида, иш фаолияти учун зарур амалий кўникма йўқ.
«Мана шундай камчилик ва нуқсонлар сабабли, аҳоли тиббиёт тизимидан ҳали тўлиқ рози эмас», — дейди президент. «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган. Давлат раҳбарининг маърузаси «Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон 24» (ўзбек тилида, шунингдек, сурдотаржимон билан), «Тошкент» ва «Ёшлар» (рус тилида), «Дунё бўйлаб» (инглиз тилида) телеканалларида жонли тарзда эфирга узатилмоқда.

Мавзуга доир: «Нима учун мен иқтисодчини вазир қилиб қўйдим?» Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳисоб-китобни жойига қўйиш кераклиги ҳақида гапирди

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар