Daryo

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Душанбега жўнаб кетди

Саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этади

1 дақиқа ўқиш50 728 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Prezident matbuot xizmati

Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбега жўнаб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этади.

Саммитнинг биринчи куни, 16 сентябрда Шавкат Мирзиёев ташкилотга раислик қилаётган Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Покистон бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин билан учрашиши ҳам кўзда тутилган эди. Бироқ у атрофидаги одамларда коронавирус аниқлангани сабабли ўзини яккалаш режимига киргани учун саммитда видеоконференцалоқа шаклида иштирок этади.

2020 йилда ШҲТ саммити пандемия сабабли онлайн форматда ўтказилган эди. Бу сафар давлат раҳбарлари бевосита учрашади. ШҲТнинг ушбу саммити ташкилот тузилганининг 20 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолияти ҳамда Тожикистон раислигининг якунлари кўриб чиқилиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинади. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Қайд этилишича, саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистонга ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.

Шунингдек, анжуман доирасида «ШҲТ — КХШТ» форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар