Daryo

Ўзбекистон халқаро молия институтларидан 200 млн доллар қарз олади

Олинган қарзнинг 35 миллион доллари 1000 та тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт воситалари сотиб олишга сарфланади

2 дақиқа ўқиш25 042 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жами 200 миллион доллар қарз олади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Бу ҳақда Президентнинг 27 майдаги «Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида ‘Ўзбекистон Республикасида коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Ҳужжатга кўра,
  • Осиё тараққиёт банкидан 10 йиллик имтиёзли давр билан 40 йилда қайтариш шарти асосида 100 миллион доллар;
  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йилда қайтариш шарти асосида 100 миллион доллар қарз жалб этилади.
ОТБдан ажратилган маблағнинг 35 миллион доллари 1000 та тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт воситаси сотиб олишга сарфланади. 18 майда бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга 1000 та Volkswagen Caddy русумли тез тиббий ёрдам машинаси етказилиши зарурлигини таъкидлаганди. Бундан ташқари, лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларидан қуйидагиларни амалга ошириш ҳам ўрин олган:
  • халқаро стандартларга жавоб берувчи 7 та Миллий референс лаборатория яратиш;
  • Санитария-эпидемиология ҳузуридаги Миллий референс лабораторияни ташкил этиш;
  • 475 та муассасани реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш;
  • ССВ тизимидаги камида 80 фоиз тиббиёт ходимларини COVID-19’га қарши текшириш учун тест синовларини ўтказиш.
  • 14 та ҳудудий юқумли касалликлар шифохоналари ташкил этиш.
ОТБ ва ОИИБ кредитлари бўйича қарзни тўлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, комиссион ва бошқа харажатлар бўйича тўловлар Республика бюджетидан қопланади.

Ажратилган маблағларнинг самарали ва манзилли ишлатилишини бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Санитария-эпидемилогик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев қатъий назорат қилади.

Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги назорат ўрнатади.

Маълумот учун, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 23,2 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 40,1 фоизни ташкил этмоқда. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, давлат қарзи 2021 йил бошига нисбатан 133,7 миллион долларга ёки ялпи ички маҳсулотга нисбати 0,3 фоизга камайган.

Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳақида гапирди

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар