Daryo

Шавкат Мирзиёев Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди

Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди

1 дақиқа ўқиш30 772 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Prezident matbuot xizmati

Шавкат Мирзиёев 14 май куни қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро ҳамкорликда эришилган ҳозирги юксак даражани катта мамнуният билан қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қоҳир Расулзода Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда савдо, машинасозлик, энергетика, қазиб олиш саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, транспорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотлар ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон бош вазири икки давлат раҳбарларининг бўлажак саммитига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўришга, шунингдек, биродар мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлашга бор куч-ғайратини қаратишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация 14 май куни Тошкентга келди. Делегация 14—15 май кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида иштирок этади.

Ташриф дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ўрин олган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Тожикистонга бориши кутилмоқда

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар