Daryo

Тошкентда Diplomat university номли хусусий университет очилиши кутилмоқда

Иқтисодиёт, ахборот технологиялари, ҳуқуқшунослик, халқаро муносабатлар йўналишларида таълим бериладиган ушбу университетга ДХХнинг собиқ марказий биноси берилиши мумкин

2 дақиқа ўқиш34 922 кўришлар0 изоҳ0
Foto: “Xalq so‘zi online”

Тошкентда Diplomat university номли янги хусусий университет очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 23 февраль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган.

Фото: «Дарё»

Ҳужжатга кўра, университетда иқтисодиёт, ахборот технологиялари, ҳуқуқшунослик, халқаро муносабатлар йўналишларида таълим берилади. Ўқиш кредит тизимида, таълимнинг кундузги, онлайн ва кечки шаклларида, ўзбек, инглиз ва бошқа тилларда ташкил этилади.

Ўқув жараёнига чет эл етакчи университетларининг профессор-ўқитувчилари, олимлар ва мутахассислар жалб этилади. Университет ўқитувчилари малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун нуфузли хорижий олий ўқув юртлари ва илмий муассасаларига амалиётга жўнатилади.

Diplomat university’га The times higher education ТОП-1000 рейтингига киритилган чет эл университетларининг Ўзбекистондаги филиалини очиш ҳуқуқи берилади.

Университет битирувчиларига республикада олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган диплом берилади.

Қарорга биноан, университет Тошкент шаҳрида фаолият юритади ва 2022 йил 1 августга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинади.

Очиқ маълумотларга кўра, таъсисчиси Дилшод Сайдаменов бўлган Diplomat university’нинг устав капитали 100 миллион сўм бўлиб, 2020 йил 9 сентябрда ташкил этилган.

Қарор лойиҳасида университет Тошкент шаҳрининг Матбуотчилар, Сайилгоҳ ва Ота Турк (ҳозирги Зарафшон кўчаси) кўчалари кесишмасидаги бинода жойлаштирилиши белгиланган, аммо аниқ бино номи келтирилмаган. Қарор иловасида эса «ташкил этилиши режалаштирилаётган олий таълим муассасаси Тошкент шаҳри, Миробод тумани Амир Темур шоҳ кўчасига жойлаштириши белгиланган», деб ёзилган.

Фото: «Халқ сўзи online»

Университет айнан қайси бинога режалаштирилиши кутилаётгани, лойиҳада айнан қайси бино назарда тутилганини билиш мақсадида «Халқ сўзи online» лойиҳа яратувчиси дея келтирилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланган. Бироқ вазирлик айнан қайси бино назарда тутилаётганини билмаслигини айтган.

Буни билиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳам боғланилган, улар ҳам бехабар эканлигини таъкидлаган.

Telegram’даги «Банкирофф» канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу манзилда жойлашган ва бўш бинолар орасида фақат Давлат хавфсизлик хизматининг умумий майдони 20 219 квадрат метр бўлган «Собиқ марказий бино ҳудуди» жойлашган. Мазкур бино Президентнинг 2020 йил октябрдаги фармонга асосан сотувга қўйилган.

Аввалроқ Тошкент амалий фанлар университети очилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар